Наманган вилоятининг Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасида икки ой илгари жарроҳлик йўли билан она бўлган аёл қорнидан дастлаб тиббий дока, кейинчалик резина қўлқоплар чиқди. Шу сабаб 33 ёшли аёлнинг соғлиғи хавф остида қолмоқда.
Бу ҳақда “Дарё” нашрига маълум қилган Нозим Абдуллага кўра, унинг синглиси соғлиғидан хавотир олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига қилаётган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.
Кўп беморларнинг жарроҳлик амалиётидан сўнг, ичида бинт ёки бошқа нарсалар қолиб кетар экан. Авваллари эшицам, кулгили туюлар эди. Бундай бўлиши мумкин эмас, дердим. Энди ўз кўзим билан кўрганим сабаб сизларга инсон қадри бир тийин эканига амин бўлдим. Кесерва орқали она бўлган синглимизнинг ичидан икки ойдан бери икки маротаба “марли” ва резина қўлқоп чиқяпти, дейди журналист.
Аканинг билдиришича, синглисининг соғлиғидаги муаммолар сабаб икки ойдан бери иссиғи тушмаяпти.
Синглим — отамдан меросим. Шу яшаб турсин. Боласи-ку нобуд бўлди, униси энди худодан, лекин синглим бизга керак, дейди бу ҳақда Facebook’да ёзиб, Чортоқ туманидаги шифокорларга мурожаат қилган журналист.
Мазкур ҳолат ҳақида фикр билдирганлардан бири “Шифохонада кимнидир йўқотмоқчи бўлишса, шифокорлар рақибига шунақа йўллар билан ҳам зарба беради, деб эшитганман”, деб ёзади.
Бу ҳолат менда турли гумонларни келтириб чиқармоқда. Туғуруқхона, “медик”лар тили билан айтганда, анчагина “ёғли” жой. Кимнидир йўқотмоқчи бўлишса, докторлар рақибига шунақа йўллар билан ҳам “зарба беришади”, деб эшитганим бор. Яъни касалга бир нима бўлса, уни операция қилган доктор жавобгар бўлиши аниқ. Атайин шунақа “операция” уюштирилган бўлиши ҳам мумкин. “Перчатка” масаласи шундай гумон қилишга ундаяпти, дейди Элёр Ўтбосов бу ҳақда фикр билдирар экан.
Элёр Ўтбосов тиббиёт қўлқопи қўлга ёпишиб туришини, шунчаки бемор ичида қолиб кетмаслигини ёзмоқда.
Тирик жон ичидан тиббий воситалар чиқмоқда. Ҳа майли, бинтни-ку тажрибасизликдан, эътиборсизликдан, ҳаяжонда қолиб кетган бўлиши мумкин, дерсиз (аслида, буни ҳам оқлаш кулгили). Лекин “перчатка”га нима дейсиз? Эй, инсон, тиббий “перчатка” қўлга ёпишиб туради. Уни ечиш бир оз мушкул иш. Қандай қилиб беморнинг устида туриб “перчатки”ни ечиш мумкин? “Перчатка”ни бир қўл билан ечса, қўлда қолади-ку, тушиб кетмайди. Қолаверса, у операция тугагач ечилмайдими?, дейди пост муаллифи.
Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг “Дарё” сўровига жавоб беришича, Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Содиқов юқоридаги ҳолатни инкор этган. Ва масъулларга бу хабар асоссиз деган маълумот берган.
Фото: Скриншот
Тиббиёт бирлашма бошлиғи имзолаган ва “Дарё”га тақдим қилинган ҳужжатда ёзилишича, 2024 йилнинг 1 январидан 2024 йилнинг 7 август кунига қадар туманда 579 нафар аёл жарроҳлик йўли билан она бўлган ва бирортасида асорат кузатилмаган. Бироқ хатда бола ўлими билан боғлиқ ҳолат тилга олинмаган.
Тасодифий хабарлар
Наманганда “Дрон” олди-сотдиси амалга ошмай қолди
Яккабоғ ҳокими ва унинг ёқиб юборилган ўринбосари ишдан олинди
Ўзбекистонда қарз муддатини бузганлик учун жавобгарлик бекор қилинмоқда
Германия қордан қочиб, дўлга тутилиши мумкин
Украинада Зеленскийга «рақиб» топилди