АҚШ ўзбекистонликларга ҳам виза беришни тўхтатди

АҚШ ўзбекистонликларга ҳам виза беришни тўхтатди

Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти давлат бюджетига юк бўлиши мумкин бўлган аризачиларга қарши кураш доирасида 75 мамлакат фуқароларига виза олиш учун аризаларни кўриб чиқишни тўхтатаётгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, мазкур рўйхатга Ўзбекистон ҳам киритилган.



Бунгача “Fox News” ўз ихтиёрига келиб тушган ички ҳужжатга таяниб, консуллик ходимларига Давлат департаменти текширув ва кўздан кечириш жараёнларини қайта кўриб чиқаётган пайтда амалдаги қонунчилик асосида виза беришни рад этиш бўйича кўрсатма берилгани ҳақида хабар берган эди. Чекловлар жорий этиладиган давлатлар рўйхатига Россия, Сомали, Афғонистон, Бразилия, Эрон, Ироқ, Миср, Нигерия, Тайланд, Яман ва бошқа давлатлар киритилган. Маълум бўлишича, мазкур рўйхатда Марказий Осиёдан Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ҳам бор.

Тўлиқ рўйхат:

Афғонистон, Албания, Жазоир, Антигуа ва Барбуда, Арманистон, Озарбайжон, Багама ороллари, Бангладеш, Барбадос, Беларусь, Белиз, Бутан, Босния ва Герсеговина, Бразилия, Мьянма (Бирма), Камбоджа, Камерун, Кабо-Верде, Колумбия, Кот-дъИвуар, Куба, Конго Демократик Республикаси, Доминика, Миср, Эритрея, Эфиопия, Фижи, Гамбия, Грузия, Гана, Гренада, Гватемала, Гвинея, Гаити, Эрон, Ироқ, Ямайка, Иордания, Қозоғистон, Косово, Қувайт, Қирғизистон, Лаос, Ливан, Либерия, Ливия, Шимолий Македония, Молдова, Мўғулистон, Черногория, Марокаш, Непал, Никарагуа, Нигерия, Покистон, Конго Республикаси, Россия, Руанда, Сент-Китс ва Невис, Сент-Люсия, Сент-Винсент ва Гренадинлар, Сенегал, Серра-Леоне, Сомали, Жанубий Судан, Судан, Сурия, Танзания, Тайланд, Того, Тунис, Уганда, Уругвай, Ўзбекистон ва Яман.

Аризаларни кўриб чиқиш 21 январдан бошлаб тўхтатилади. Қайд этилишича, вазирлик виза бериш тартибини қайта кўриб чиқаётган бир пайтда пауза “ноаниқ муддатга” давом этади.

“Fox News”га кўра, 2025 йил ноябрь ойида АҚШ Давлат департаменти бутун дунё бўйлаб дипломатик ваколатхоналарга махсус йўриқнома юбориб, АҚШ иммиграция қонунчилигидаги “public charge” (давлат ёрдами ҳисобига яшаш эҳтимоли) қоидаси доирасида консуллик ходимларидан янада қатъий текширув чораларини қўллашни талаб қилган.

Мазкур кўрсатмаларга биноан, давлат ижтимоий ёрдамига қарам бўлиб қолиши эҳтимоли юқори деб топилган аризачиларга виза берилиши рад этилиши шарт. Баҳолаш жараёнида аризачининг соғлиғи, ёши, инглиз тилини билиш даражаси, молиявий аҳволи ҳамда узоқ муддатли тиббий парваришга муҳтожлик эҳтимоли каби омиллар инобатга олинади. Шунингдек, ёши катта бўлган, ортиқча вазнга эга шахслар ёки аввал давлат томонидан нақд пул кўринишидаги ёрдам олган ёхуд муассасаларда сақланган аризачилар ҳам виза рад этилишига дуч келиши мумкин.

“Давлат департаменти АҚШга келиб, кейинчалик “public charge”га, яъни давлат ижтимоий ёрдамига қарам бўлиб қолиши ва америкаликлар саховатини суиистеъмол қилиши мумкин бўлган потенциал муҳожирларни номувофиқ деб топиш бўйича ўзининг узоқ йиллик ваколатларидан фойдаланади”, дейди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Томми Пиготт.

Унинг сўзларига кўра, Давлат департаменти ижтимоий таъминот ва имтиёзлардан фойдаланишни кўзлаган хорижий фуқароларнинг кириб келишини олдини олиш мақсадида иммиграция жараёнларини қайта кўриб чиқаётган бир пайтда, ушбу 75 та давлатдан иммиграция вақтинча тўхтатилади.

“Public charge” нима?

“Public charge” қоидаси ўнлаб йиллардан бери мавжуд бўлса-да, унинг ижроси турли маъмуриятлар даврида кескин фарқ қилиб келган, консуллик ходимларига эса ушбу мезонни қўллашда тарихан кенг ваколат берилган. Янги паузадан истиснолар жуда чекланган бўлади ва аризачига виза бериш “public charge” мезонлари бўйича текширувдан тўлиқ ўтгандан кейингина рухсат этилади.

Байден маъмурияти даврида, 2022 йилда қабул қилинган “public charge” қоидаси ижтимоий ёрдам тушунчасини чеклаб, асосан нақд ёрдам ва узоқ муддатли институционал парвариш билан чегаралаган. Бу талқинда озиқ-овқат талонлари (SNAP), аёллар, чақалоқлар ва болалар учун қўшимча озиқлантириш дастури – WIC, Medicaid ёки уй-жой ваучерлари каби дастурлар ҳисобга олинмаган.

АҚШнинг Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонуни (INA) узоқ йиллардан буён консуллик ходимларига аризачиларни “public charge” асосида мамлакатга киритмаслик ҳуқуқини бериб келади. Бироқ Президент Дональд Трамп 2019 йилда ушбу тушунчани кенгайтириб, ижтимоий имтиёзларнинг анча кенг доирасини қамраб олган. Бу кенгайтма судларда эътирозга учраб, охир-оқибат айрим бандлари блокланган, кейинчалик эса Байден маъмурияти томонидан бекор қилинган.


Теглар:
×