Хитой Тижорат вазирлиги Европа Иттифоқининг еттита аэрокосмик компаниясини экспорт назорати остидаги ташкилотлар рўйхатига киритди. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу компанияларга Хитойдан “икки хил мақсадда қўлланиладиган” (ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик) товарларни олиш тақиқланади. Санкциялар жорий этилишига ушбу компанияларнинг Тайвань билан ҳарбий ҳамкорлиги сабаб бўлган. Гап Бельгиянинг ўқ отиш қуроллари ишлаб чиқарувчи FN Herstal компанияси ва унинг бош компанияси FN Browning Group, шунингдек, Европанинг йирик мудофаа пудратчилари, аэрокосмик тадқиқот институтлари ва сунъий йўлдош орқали разведка қилиш билан шуғулланувчи компаниялар ҳақида бормоқда.
Нашрнинг қайд этишича, бу воқеа Европа Иттифоқининг Хитой ва Гонконгнинг 27 та компаниясига қарши санкциялар жорий қилганидан сўнг содир бўлган. ЕИ ушбу компанияларни Россия ва Беларусга ғарб санкцияларини айланиб ўтишда ёрдам беришда ёки Украинадаги жанг майдонида фойдаланиш учун дронлар ва бутловчи қисмларни тўғридан тўғри етказиб беришда айблаган.
“Шуни таъкидлаш керакки, Хитойнинг санкциялар рўйхатига Европа Иттифоқининг Тайванга қурол сотишда иштирок этган ёки Тайвань билан тил бириктирган, ҳарбий соҳага алоқадор фақат оз сонли ташкилотлари киритилди”, дея Хитой Тижорат вазирлиги баёнотидан иқтибос келтиради нашр.
Бунгача “The Guardian” нашри Хитой Европа давлатларига мувофиқлаштирилган дипломатик босим ўтказа бошлагани, уларни Тайвань сиёсатчиларини мамлакатга киритмасликка ва уларга виза бермасликка чақираётгани ҳақида хабар берган. Европалик мулозимларнинг сўзларига кўра, Хитой Шенген чегара кодекси ва ЕИнинг бошқа нормаларини ўз фойдасига талқин қилмоқда. Ушбу нормаларга кўра, “аъзо давлатлардан бирининг халқаро муносабатларига таҳдид деб қараладиган” учинчи давлат фуқароларини мамлакатга киритмаслик мумкин.
Шунингдек, АҚШ Alibaba, Baidu Inc., BYD Co ва бошқа бир қатор компанияларни Хитой армиясига ёрдам берувчи тижорат ташкилотлари рўйхатига киритган.
Тасодифий хабарлар
ФОТОРЕПОРТАЖ: Коронавирусдан тузалган 7 нафар ҳамюртимиз кузатиб қўйилмоқда
ДХХ “COVID-19” тестини сохталаштираётган гуруҳни фош этди
Ўзбекистонда коронавирусни йўқ қиладиган комбинезон ишлаб чиқарилди
Демак, афсона! Олимлар Лох-Несс махлуқининг мавжудлиги борасида ҳеч қандай далил топа олишмади
3 августдан Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун янги жарима тури кучга киради