Мирзиёев қатағон қурбонларини ёд этди

Мирзиёев қатағон қурбонларини ёд этди

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами арафасида – 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни бўлади. Ушбу сана муносабати билан 29 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилди. Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Элга ош тортилди. Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда уламо ва зиёлилар билан тарихни ўрганиш ва ёшларга ўргатиш, мустақиллик ва тинчликни қадрлаш ҳақида мулоқот бўлди.

“Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган ота-боболаримиз ҳақларига дуо қиламиз. Ватан учун, миллат учун, халқ учун курашган қаҳрамон аждодларимиз жасорати биз учун доимо ибрат мактаби бўлиб қолади”, деди давлат раҳбари.

Маълумки, ўша машъум йилларда 100 мингдан зиёд бегуноҳ ўзбекистонлик қатағон қилинган. Минглаб одамлар “халқ душмани” деган ноҳақ айблов билан отиб ташланган, ундан ҳам кўпи сургун қилинган. Уларнинг ортидан минглаб аёллар бева, болалар етим бўлиб қолган. Орадан қарийб бир аср ўтган бўлса-да, ўша мудҳиш давр чуқур изтироб билан эсга олинади.

“Ватанимиз фидойиларини улуғлаш, хотирасини абадийлаштириш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Сўнгги саккиз йилда 1 минг 200 дан зиёд жафокаш боболаримиз номи оқланди. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи реконструкция қилиниб, минглаб янги ҳужжатлар билан тўлдирилди. Ҳудудларда ҳам шундай музейлар ташкил этилди. Бу йил жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаяпмиз. Бухоро шаҳрида Жадидлар мероси давлат музейи ташкил қилинмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев. 


Мана, ўтган йилдан эътиборан, ҳар йили октябрнинг биринчи ҳафтаси Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида белгиланган. Бу йил ушбу тадбир Хотира ва тарбия ҳафталиги сифатида ўтказилади. Бу борада миллат ойдинлари ҳаётини ўрганиш ғоят муҳим экани таъкидланди.

“Жадид боболаримиз ҳар соҳада илғор эди. Биринчи ўзбек романи, театр ва кино асарлари, турли фанлар бўйича дарсликларни айнан улар яратган. Ўтган асрнинг 20-йилларида Германияда таҳсил олган туркистонлик талабалар қатағон қилинмаганида, бутун жамиятни ўзгартирарди. Бор тарихимизни тўғри етказа олсак, ёшларимиз бошқа қаҳрамон изламайди, етук боболаримиз бунинг учун тайёр намуна”, деди Президент.

Қайд этилишича, бундай маънавий асос умуммиллий бирлик ва барқарорлик учун ҳам зарур. Бугун дунёдаги вазият таҳликали бўлиб боряпти. Давлатларнинг мустақиллигига таҳдидлар пайдо бўляпти. Буларнинг барчаси доимо огоҳ ва ҳамжиҳат бўлиб, ислоҳотларни изчил давом эттиришни талаб қилади.

Уламолар Ўзбекистондаги шу тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тилаб дуолар қилди.


×