Бельгияда оғир хасталикни бошдан кечирган ва узоқ муддат даволанган Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган Ўзбекистон фуқароси В.А. ватанига муваффақиятли қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу фуқаро Нидерландияда қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини олиб бораётган вақтида ўткир тиш инфекцияси пайтида малакали тиббий ёрдам сўраб ўз вақтида мурожаат қилмаган. Оқибатда оғир яллиғланиш келиб чиққан ва шу туфайли унинг соғлиғида жиддий асоратлар пайдо бўлган.
Брюссель шаҳри орқали Ўзбекистонга кетаётган вақтда В.А.нинг аҳволи тўсатдан кескин ёмонлашган. У зудлик билан Брюсселдаги Сент-Люк университет клиникасига ётқизилган ва у ерда шифокорлар беморнинг аҳволини критик деб ташхислашган.
Клиника мутахассислари томонидан иккита мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Узоқ вақт давомида бемор ўпкаcи сунъий шамоллатиш аппаратига уланган ва ҳушсиз ҳолатда, жонлантириш бўлимида ўта оғир аҳволда бўлган.
Бемор шифохонага ётқизилган лаҳзадан бошлаб Ўзбекистон элчихонаси ходимлари шифохона маъмурияти, даволовчи шифокорлар ва фуқаронинг қариндошлари билан доимий алоқани йўлга қўйган. Элчихона томонидан зарур консуллик ва ташкилий чора-тадбирлар ташкил этилиб, даволаниш жараёни ва ундан кейин фуқаронинг Ўзбекистонга қайтиши ҳар томонлама кузатиб борилган.
“Сент-Люк клиникаси тиббий ходимларининг юқори профессионаллиги, ўз вақтида кўрсатилган ёрдам ҳамда Бельгия шифокорлари ва ўзбек дипломатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлинди. Узоқ давом этган даволаниш ва реабилитация курсидан сўнг унинг аҳволи барқарорлашди, бу эса Ўзбекистонга хавфсиз қайтишини ташкил этиш имконини берди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ҳозирги вақтда В.А. Ўзбекистонда бўлиб, ўз оиласи даврасида соғлиғини тиклаш ва даволанишни давом эттирмоқда.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда қанча ишсиз борлиги айтилди
Мактабларда баҳорги таътил 20 мартдан бошланади
4 йилдаги энг кўп куттирилган мандат
Француз журнали Туркиядаги даҳшатли фожиа устидан мазах қилди
АҚШ учун муҳим кун: ким президент бўлади?