Ўзбекистонлик мигрантлар 3 ойда қарийб 5 млрд доллар пул юборди

Ўзбекистонлик мигрантлар 3 ойда қарийб 5 млрд доллар пул юборди

Жорий йилнинг II чорагида ўзбекистонлик мигрантлар мамлакатга 4,8 млрд доллар пул юборган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган “Меҳнат бозори шарҳи”да келтирилган.

Қайд этилишича, 2025 йилнинг иккинчи чорагида меҳнат муҳожирлари томонидан Ўзбекистонга жами 4,8 млрд доллар миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,4 фоизга ўсган (2024 йилнинг мос даврида 38,6 фоиз ўсган).

“Жорий динамиканинг шаклланиши асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи мамлакатларда валюта курсларининг нисбатан барқарорлиги, иш ҳақининг ошиши ва иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари билан боғлиқ”, дейилади шарҳда.

Шу билан бирга, II чоракда турли минтақалардан жўнатилган пул ўтказмалари ўсиш суръатининг сезиларли ўзгариши кузатилган. Хусусан, Болтиқ давлатлари, Европа ва бошқа минтақалардан ўтказмалар ҳажми ўсиш суръати қолган минтақаларга нисбатан юқорироқ сақланиб қолган. Бунда, айниқса Болтиқ давлатларидан пул ўтказмаларининг сезиларли ошиши кузатилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 65,6 фоизга ўсган. Шунингдек, мазкур даврда АҚШ, Россия ва Европадан жўнатилган пул ўтказмалари ўсишининг пасайиши (мос равишда 10,3, 23,7 ва 26,9 фоизгача) кузатилган бўлса, Осиёдан ўтказмаларнинг барқарорлашуви сақланиб қолган.

Ташқи бозорда, хусусан, Россия, Европа ва Болтиқ давлатларида кузатилаётган сўнгги ўзгаришлар ҳамда меҳнат муҳожирларига бўлган талабнинг ўсиши пул ўтказмаларидаги жорий динамиканинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган. Бу, ўз навбатида, меҳнат муҳожирлари оқими йўналишлари босқичма-босқич кенгаяётганлигидан далолат беради.

×