Муҳаммад исми 2025 йилда Англия ва Уэльсда туғилган ўғил болалар орасида энг оммабоп исмга айланиб, учинчи йил кетма-кет биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда “The National” хабар берди.
Манбанинг қайд этишича, 2025 йилда тахминан 6 минг нафар чақалоққа Муҳаммад исми қўйилган. Бу иккинчи ўриндаги Ноа исмидан қарийб 2 мингтага кўп. Муҳаммад ва Ноа 2023 йилдан буён рейтингнинг дастлабки икки поғонасини эгаллаб келмоқда. Илгари улар ўртасидаги фарқ 1 580 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил янада ошган. Бу йил Лео ва Лука мос равишда учинчи ва тўртинчи ўринларга кўтарилган. Улар Артур, Оливер ва Жорж исмларини ортда қолдирган.
Нашрга кўра, Муҳаммад исмининг бошқа икки ёзилиши ҳам энг машҳур 100 та исм қаторига кирган. Исмнинг Моҳаммед шакли 20-ўринни, Моҳаммад шакли эса 55-ўринни эгаллаган. Бу икки вариант яна 2,6 минг нафар чақалоққа қўйилган.
Қизлар орасида эса Оливия яна энг машҳур исм бўлиб қолган. Кейинги ўринларни Лили, Амелия, Айла ва Флоренс эгаллаган.
Маълумот учун, Муҳаммад исми 2016 йилдан буён энг оммабоп ўнталикдан жой олиб келмоқда. У илк бор 1997 йилда энг машҳур 100 та исм рўйхатига кирган. Шунингдек, Муҳаммад исмининг уч хил ёзилиши 1954 йилда ҳам энг машҳур 100 та исм қаторида бўлган. Моҳаммед варианти эса илк бор 1924 йилда рейтингга кириб, 91-ўринни эгаллаган.
Мамлакат Миллий статистика қўмитасининг билдиришича, энг машҳур ўғил ва қиз болалар исмларининг аксарияти Британиядан ташқари келиб чиқишга эга. Улар қаторида скандинавияча Фрейя, итальянча Лео, Лука ва Изабелла, шунингдек ибронийча Ноа исмлари бор.
Статистика идораси аввалроқ Муҳаммад исмининг оммалашишига бир нечта омил, жумладан, мамлакатдаги мусулмон жамоасининг ўсиши сабаб бўлганини билдирган. Буюк Британияда ҳозир қарийб 4 миллион мусулмон яшайди, бу мамлакат умумий аҳолисининг тахминан 6 фоизини ташкил қилади.
Муҳаммад исми, айниқса, Британияда яшовчи мусулмонлар орасида ўз маданий мероси ва анъаналарини сақлаб қолиш рамзи сифатида машҳурлигича қолмоқда. Шу билан бирга, ўғил болаларга қўйилаётган исмлар орасида умумий хилма-хиллик ҳам ортиб бормоқда.
Маълумот учун, Британияга мусулмон муҳожирларнинг илк катта оқими XIX аср охирида, асосан Лондон, Кардифф ва Ливерпуль каби порт шаҳарларига келган. Улар асосан Яман ва Мисрдан бўлган бўлса-да, сони минглар билан чекланган. Оксфорд университети профессори, миграция демографияси бўйича мутахассис Дэвид Коулманнинг айтишича, XIX–XX асрларда Британиянинг турли соҳил шаҳарларида кичик мусулмон жамоалари шаклланган.
Унинг таъкидлашича, мамлакатга миграция 1950–1960 йилларда 1948 йилги Британия фуқаролиги тўғрисидаги қонун қабул қилингач кескин ошган. Ушбу қонунга мувофиқ, барча Британия фуқаролари мамлакатга эркин кириш ҳуқуқига эга бўлган. Бу қоида дастлаб Янги Зеландия, Австралия ва Канадада яшовчи Британия билан яқин алоқадор шахслар учун жорий этилган бўлса-да, кейинчалик Ғарбий Ҳиндистон ороллари ва Осиёдан ҳам кўплаб одамлар тўқимачилик каби соҳаларда ишлаш учун мамлакатга кўчиб бора бошлаган.
Тасодифий хабарлар
Наманганнинг айрим туманларида «свет» ўчади
Шифохона биносидан ўзини ташлаб ҳалок бўлган эркак — Бош прокуратура тафсилотларни очиқлади
«Ўзгидромет» Наманган ва Тошкент вилоятларини қор кўчиши хавфи билан огоҳлантирди
Facebook, Google ва Apple бир йилда Ўзбекистонга қанча солиқ тўлади?
Саида Мирзиёева: "Орқага йўл йўқ!" (видео)