АҚШ Давлат департаменти туристик ва бизнес визалар учун айрим саёҳатчилардан 15 минг долларгача гаров пули олишни кўзда тутувчи вақтинчалик қоидани ишлаб чиқди. Ушбу гаров пуллари мамлакатда визадаги муддатдан ортиқча қолиб кетиш ҳолатлари юқори бўлган давлатларнинг фуқароларига нисбатан 12 ойлик синов дастури доирасида қўлланилади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум бўлишича, ушбу ташаббус илк бор Дональд Трампнинг биринчи президентлик даврида, 2020 йил ноябрида Жо Байден сайловда ғалаба қозонган ойда эълон қилинган. Ўша вақтда гаров пули тизими Африка давлатлари бошчилигидаги ортиқча қолиб кетиш даражаси 10 фоиздан юқори бўлган 20 дан ортиқ мамлакат фуқароларини қамраб олиши керак эди.
Янги қоидага оид федерал рўйхатга олиш хабари бугун, 5 август куни эълон қилиниши кутилмоқда.
“Синов дастури орқали Давлат департаменти АҚШ Молия ва Ички хавфсизлик департаменти билан ҳамкорликда гаров пуллари билан ишлашнинг амалий имкониятларини баҳолайди. Шунингдек, бу дастурнинг натижалари келажакда бу каби гаровлар қўлланиши юзасидан қарор қабул қилишда хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Қайси мамлакатлар ушбу дастурга киритилиши расмий сайт – travel.state.gov саҳифасида дастур кучга киришидан камида 15 кун олдин эълон қилинади. Рўйхат кейинчалик ҳам ўзгариши мумкин.
Гаров пули тўлаган саёҳатчилар АҚШни тарк этганидан, АҚШ фуқаролигини олганидан ёки вафот этганидан сўнг уни қайтариб олиши мумкин. Трамп маъмурияти аввалги синов дастурини олти ойга белгилаган бўлса-да, у ҳеч қачон амалда жорий этилмаган.
Давлат департаменти вакили “Reuters”га берган изоҳида мамлакатлар “ортиқча қолиб кетиш даражаси, фуқароликни яшаш талабисиз пул эвазига бериш амалиёти, хавфсизликни таъминлашдаги камчиликлар ва ташқи сиёсий омиллар” асосида танланишини айтган.
Трамп маъмурияти умуман иммиграцияга қарши сиёсати билан танилган, хусусан, кўплаб мамлакатлар фуқаролари учун вақтинчалик ҳимоя мақомларини бекор қилган, 12 та мамлакатга визани тўлиқ тақиқлаган эди.
Гаров пули сиёсати Трампнинг жорий йилнинг июнь ойида кучга кирган саёҳат тақиқлари асосида мустаҳкамланиши мумкин. Бу тақиқлар Яқин Шарқ ва Африка давлатларига, жумладан, Чад, Эритрея, Гаити, Мьянма ва Яманга нисбатан қаратилган. “Reuters” маълумотига кўра, ортиқча қолиб кетиш даражаси юқори бўлган бошқа давлатлар қаторида Бурунди, Жибути ва Того ҳам бор.
АҚШнинг йирик сайёҳлик компанияларини бирлаштирган US Travel Association ташкилоти бу пилот дастурни “чекланган доирада” деб баҳолаган – у тахминан 2 000 аризачига тааллуқли бўлиши, асосан АҚШга кам саёҳат қиладиган мамлакатларни қамраб олиши кутилмоқда.
Тасодифий хабарлар
1 октябрдан Ўзбекистон қонунчилигида нималар ўзгаради?
Украинада қолиб кетган ўзбекистонлик юк ташувчилар уруш майдонидан олиб чиқилдими?
Намойишлар авжида. Сооронбай Жээнбеков қаерда?
Хушхабар! Россия коронавирусга қарши дастлабки дорини тақдим этди
Ҳиндистонда коронавирусга чалинган беморда “яшил моғор” аниқланди