Дунёдаги энг кучли давлатлар эълон қилинди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Дунёдаги энг кучли давлатлар эълон қилинди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Дунё ҳарбий кучини баҳолаш платформаси (Global Firepower) мамлакатларнинг ҳарбий салоҳияти бўйича рейтингини эълон қилди. Мазкур платформа 2006 йилдан бери рейтингни янгилаб келади ва жорий йилги таҳлилда жами 145 та давлат кўриб чиқилган



Рейтинг қандай ҳисобланади?

Рейтинг тузишда ҳарбий техника (танклар, самолётлар, флот), аҳолининг ҳарбий хизматга яроқлилиги, молиявий имкониятлар (мудофаа бюджети), логистика (йўллар, портлар, аэропортлар), табиий ресурслар ва жойлашув каби 60 дан ортиқ омил асосида ҳисобланади.

Баҳолаш натижасида ҳар бир давлатга махсус Ҳарбий қудрат индекси (PowerIndex) берилади. Ушбу индекс қанчалик паст бўлса, мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти шунчалик юқори ҳисобланади. Идеал кўрсаткич 0.0000 бўлсада, амалда бунга эришиш мумкин эмас.

Рейтинг етакчиси Америка Қўшма Штатлари бўлиб қолмоқда. Энг юқори ҳарбий қудратга эга давлатлар бешлиги қуйидагилар:

1. Америка Қўшма Штатлари (PowerIndex: 0.0741);

2. Россия (PowerIndex: 0.0791);

3. Хитой (PowerIndex: 0.0919);

4. Ҳиндистон (PowerIndex: 0.1346);

5. Жанубий Корея (PowerIndex: 0.1642).

Ушбу беш давлат жаҳон ҳарбий салоҳияти нуқтаи назаридан энг кучли ҳисобланади, аммо PowerIndex фақат анъанавий ҳарбий кучни баҳолайди. Стратегия, иттифоқлар ва иқтисодий имкониятлар ҳам реал қудратга таъсир қилади.Pейтингнинг энг қуйи қисмидаги давлатлар ҳарбий қудрати жиҳатидан энг заиф сифатида баҳоланган. Унда қуйидагилар бор:

1. Либерия (PowerIndex: 3.9275);

2. Суринам (PowerIndex: 4.0538);

3. Марказий Африка Республикаси (PowerIndex: 4.2381);

4. Белиз (PowerIndex: 4.3602);

5. Бутан (PowerIndex: 5.7991).

Ўзбекистон кўтарилиш қайд этиб, умумий рейтингда 53-ўринни эгаллаган. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари рейтингда қуйидагича жой олган:

1. Қозоғистон (PowerIndex: 1.0433) 58-ўрин;

2. Туркманистон (PowerIndex: 1.7459) 78-ўрин;

3. Тожикистон (PowerIndex: 2.1749) 100-ўрин;

4. Қирғизистон (PowerIndex: 2.3969) 109-ўрин.

Мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари рейтинги 

Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйича ҳарбий харажатлар 2,6 триллион доллардан ошиб кетган ва геосиёсий кескинлик фонида ўсишда давом этмоқда.

Аҳоли жон бошига ҳисобланганда, рейтингда етакчиликни Исроил эгаллаган – йилига тахминан 3700 доллар. Кейинги ўринларда Америка Қўшма Штатлари (2400 доллар) ва Австралия (2100 доллар) жойлашган. Германия ҳамда Россияда бу кўрсаткич қарийб 1500 долларни ташкил этган.

Шу билан бирга, йирик давлатларда бу кўрсаткич нисбатан паст: Хитойда тахминан 214 доллар, Ҳиндистонда эса 77 долларни ташкил қилган.

Марказий Осиёда етакчи бўлган Қозоғистондан (288 доллар) кейин Туркманистон (254 доллар) ва Ўзбекистон (170 доллар) эгаллаган. Қирғизистон (106 доллар) ҳамда Тожикистон (43 доллар) эса анча паст кўрсаткичларни қайд этган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳоли жон бошига ҳарбий харажатлар даражаси нафақат иқтисодиётга, балки хавфсизлик омилларига ҳам боғлиқ. Хавф даражаси юқори бўлган давлатлар аҳолиси сонидан қатъи назар, мудофаа соҳасига кўпроқ маблағ йўналтиради.


×