Фарғонада шифокор беморнинг чап оёғини кесиш ўрнига иккала оёғини ҳам кесиб, унинг ўлимига сабабчи бўлгани учун 4 йил озодликдан маҳрум қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, шифокор Республика ихтисослаштирилган эндокринология марказининг Фарғона филиалидаги хирургия бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритган.
Ўтган йилнинг 18 октябрь куни бемор фарзандлари томонидан мазкур муассасага олиб келинган. Унга “иккинчи тур қандли диабетнинг оғир шакли, декомпенсация босқичи, ДТС нейроишемик тури, Вангер-4, чап оёқ болдир қисмидан ампутациядан кейинги ҳолат, тизза бўғимининг майдаланиб синиши” ташхиси қўйилган.
Айнан ушбу бемор шифохонага келтирилган вақтда хирургия бўлими бошлиғи таътилда бўлган. Унинг вазифалари вақтинча Д.Р. зиммасига юклатилган.
Таътилга бўлишига қарамасдан хирургия бўлими бошлиғи вақтинчалик бўлим раҳбарини тажрибасиз деб ҳисоблаб, уни четга суриб, беморга жарроҳлик муолажасини ўз ташаббуси билан амалга оширишга қарор қилган. У тиббий кўрсаткичлар мавжуд бўлмаган ҳолда “чап сон соҳасини ампутация қилиш” режасини ишлаб чиқиб, бу ҳужжатни вақтинча раҳбар яъни Д.Р. номидан расмийлаштирган.
2024 йил 19 октябрда ўтказилган операцияда таътилдаги шифокор ўз танлови асосида тайинлаган ходимлар ва мутахассис бўлмаган талабалар билан бирга иштирок этган. Аммо амалиёт пайтида беморнинг касалликка алоқаси бўлмаган ўнг оёғи сон қисмидан кесилган. Кейинроқ беморнинг чап оёғи ҳам ампутация қилиб ташланган ва бунга беморнинг бирор қариндошидан рухсат олинмаган.
Бир вақтда икки оғир операция ва соғлом аъзо кесилиши оқибатида бемор 2024 йилнинг 7 ноябрь куни вафот этган.
Қува туман судининг 2025 йил 6 майдаги ҳукми билан таътилда бўлган шифокор Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) асосида 4 йилга озодликдан маҳрум этиш ва 3 йил соғлиқни сақлаш тизимида раҳбар ёки шифокор сифатида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Жиноят иши Фарғона вилояти суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Шифокор ўзи берган шикоятда ўз ҳаракатларини жиноий деб ҳисобламаслигини, беморнинг вафоти унинг амалиёти билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаб, суд ҳукмини бекор қилиш ва оқлашни сўраган.
Суд апелляция инстанцияси томонидан дастлабки қарор ўз кучида қолдирилган ва шикоятлар инобатга олинмаган.
Тасодифий хабарлар
18 апрелдан карантин қоидалари кучайтирилади
Наманганлик эркак ўз хотинининг қотилига айланди. У ўзини ИИБга топширди
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги сайти хакерлар ҳужумига учради
2030 йилгача 1,5 миллион гектарда ўрмонлар барпо этилади
Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз – Президент