OpenAI янги AI модели GPT-5’ни тақдим этди

OpenAI янги AI модели GPT-5’ни тақдим этди

Кеча, 7 август куни OpenAI компанияси янги авлод нейротармоғи – GPT-5’ни тақдим қилди. Янгиланган версия янада аниқроқ фикрлаш, кенгайтирилган узоқ муддатли хотира ва нотўғри жавобларни сезиларли даражада камайтириш имконини бериши айтилмоқда. Тақдимот трансляцияси OpenAI сайтида намойиш этилди.

“GPT-5 ҳар жиҳатдан ақллироқ бўлиб, математика, табиий фанлар, молия, ҳуқуқшунослик ва бошқа соҳаларда фойдали жавоблар беради. Бу – худди сизга исталган саволда ёрдам беришга тайёр экспертлар жамоаси каби”, дейди OpenAI компанияси вакилларидан бири.

GPT-5 барча ChatGPT фойдаланувчиларига тақдим этилади, бироқ бепул фойдаланувчиларга сўровлар сонида чеклов бўлади – лимитдан сўнг ChatGPT оддийроқ моделга ўтади. API орқали фойдаланувчилар учта версиядан танлашлари мумкин: GPT-5, GPT-5 мини ёки GPT-5 нано. Бундан ташқари, чат рангини ва тўрт хил мулоқот услубидан бирини танлаш имконияти ҳам бўлади: Cynic (“Циник”), Robot (“Робот”), Listener (“Тингловчи”) ва Nerd (“Ботаник”).

Маълум қилинишича, GPT-5 камроқ фактлар тўқийди ва жавоб бера олмаслигини фаолроқ тан олади. Янги версияни ишлаб чиқишда 5 минг соатлик хавфсизлик синовлари ўтказилган.

“Таассуротингиз шунчалик бўладики, аввалги моделларга қайтишни хоҳламайсиз. Агар GPT-3 мактаб ўқувчиси, GPT-4 коллеж талабаси бўлса, GPT-5 докторлик даражасига эга экспертга ўхшайди”, дейди OpenAI раҳбари Сэм Альтман.

Қайд этиш жоиз, GPT-5 чиқиши бир неча бор кечиктирилди. Дастлаб, 2024 йил ўрталарига режалаштирилган бўлса, кейин 2025 йил ўртасига, сўнгра августга сурилди. Бу вақт ичида ChatGPT фойдаланувчилари сони ошишда давом этди. Жорий йилнинг апрелида Альтман ҳафталик фаол фойдаланувчилар сони 500 миллионга етганини айтди. OpenAI тез орада бу кўрсаткич 700 миллионга чиқишини кутмоқда.

Маълумот учун, OpenAI – сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқишга ихтисослашган компания бўлиб, 2015 йилда Илон Маск ва бошқа тадбиркорлар томонидан Сан-Франсискода асос солинган. 2018 йилда Маск компанияни тарк этган. 2022 йил ноябрида OpenAI ўзининг ChatGPT чат-ботини тақдим этди. У матн яратиш, суҳбатлашиш, дастурлаш кодларидаги хатоларни топиш, шеър ёзиш, сценарий тузиш, прогноз ва маслаҳатлар бериш қобилиятига эга.


Теглар:
×