Бельгия “Толибон” вакилларига виза берди

Бельгия “Толибон” вакилларига виза берди

Бельгия “Толибон” ҳаракатининг беш нафар вакилига виза берди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.


Маълум қилинишича, улар Европа Иттифоқи йиғилишида иштирок этиш учун Брюсселга таклиф қилинган.

Бельгия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Одри Жакьенинг сўзларига кўра, гап фақат Бельгия ҳудудида амал қилувчи ва бир кунлик муддатга берилган визалар ҳақида кетмоқда. Хавфсизлик нуқтаи назаридан “Толибон” вакилларининг Брюсселга қачон келиши очиқланмаган.

Европа Иттифоқидаги икки манбанинг хабар беришича, “Толибон” делегацияси бугун, 23 июнь куни Брюсселга етиб бориши кутилмоқда.

Жорий йилнинг май ойида Европа Иттифоқи Афғонистон фуқароларини ўз ватанига қайтариш масаласини техник даражада муҳокама қилиш учун “Толибон” вакилларини Брюсселга таклиф қилганди. Хусусан, Европа давлатларида яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган ва хавфсизликка таҳдид солувчи афғонларни қайтариш масаласи кўриб чиқилиши режалаштирилган.

“Eurostat” маълумотларига кўра, 2013–2024 йиллар оралиғида Афғонистон фуқаролари Европа Иттифоқи мамлакатларида 1 миллиондан ортиқ бошпана сўрови билан мурожаат қилган. Уларнинг қарийб ярми қаноатлантирилган. 2025 йилда ҳам афғонлар Европа Иттифоқида энг кўп бошпана сўраган миллат бўлиб қолмоқда.

“Толибон” 2021 йил августида ҳокимиятни эгаллаганига қарамай, Европа Иттифоқининг қарийб 20 давлати афғонларни ватанга депортация қилиш амалиётини давом эттирмоқда. Кўплаб ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари бу амалиётни танқид қилиб келади. Уларнинг фикрича, депортация қилинган шахслар таъқиб, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қийноқларга дуч келиши мумкин. Бу хавф айниқса аёллар, журналистлар, собиқ давлат хизматчилари ва фаоллар учун юқори ҳисобланади.


Теглар:
×