Наманган вилоятида пластик карта орқали пора олган Божхона бошқармаси ходими қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида вилоят Божхона бошқармаси “Учқўрғон” чегара божхона постининг божхона назорати ва расмийлаштирув гуруҳи инспектори Давлатобод туманида яшайдиган шахсдан хориж орқали олиб келинган 57 дона Iphone 16 PRO MAX телефон қурилмаларини Тошкент халқаро аэропортида ишловчи божхона ходими орқали IMEI-коди бўйича рўйхатдан ўтказиб беришни ваъда берган. Шунингдек, ходим “ёрдам”и эвазига давлатободлик фуқародан ҳар бир уяли алоқа воситаси учун 100 доллардан жами 5700 доллар талаб қилган. Қолаверса, муқаддам фуқаро томонидан чет элдан декларацияда кўрсатмаган ҳолда кийим-кечакларни олиб келгани юзасидан чора кўрмагани эвазига 400 доллар талаб қилган.
Инспектор жорий йилнинг 11 ва 14 июль кунлари сўралган пул маблағидан 900 доллар ҳисобида 11 млн 317 минг сўмни ўзи ва қариндошига тегишли банк пластик карталарига ўтказиб олган.
16 июль куни эса у 1000 доллар ҳисобида 12 млн 550 минг сўмни қариндошининг банк пластик картасига ўтказиб олган вақтида ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан божхона инспекторига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Билдирилишича, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тасодифий хабарлар
“DOK-1 MАKS” фожиаси бўйича бир қанча мансабдорлар қамоққа олинган
Мобил телефонга тасвирга олинган йўллардаги қоидабузарликлар учун ҳам жарима қўлланади
Ўзбекистоннинг қанча фуқароси халқаро қидирувда экани маълум бўлди. Аксарияти терроризм, одам савдоси ва фирибгарликда гумон қилинмоқда
Фарғона шаҳрига янги ҳоким тасдиқланди
Дунёнинг энг бой одами расман уйсиз қолди