Кеча, 1 июль куни Андижон вилояти Хўжаобод туманида профилактика инспектори чақирув вақтида пичоқланди ва вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилди.
Қайд этилишича, соат 20:50 ларда Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Юксалиш” маҳалласидаги хонадонда жанжал бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант А.Абдувалиев маҳалла раиси А.Маматалиев билан бирга воқеа жойига етиб борган.
Маълум бўлишича, 65 ёшли фуқаро Юнусали Тумарович Холбозоров маст ҳолда ўз оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид солаётган бўлган. Фуқарони зарарсизлантириш жараёнида Холбозоров қўлидаги пичоқ билан катта лейтенант Абдувалиевнинг кўкрак қисмига зарба бериб, қочиб кетган.
Олган жароҳати оқибатида кўрсатилган ёрдамга қарамасдан Абдувалиев шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумондор Юнусали Холбозоров эса воқеа жойидан яширинган, уни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар! Ушбу шахс ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлсангиз зудлик билан яқин орадаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз сўралади. Маълумот берган фуқаронинг шахси сир сақланиши кафолатланади”, дейилади ИИВ матбуот котиби хабарида.
Тасодифий хабарлар
Наманганда дўконнинг собиқ ишчиси у ердан жами қиймати қарийб 12 минг долларга тенг бўлган телефонларни ўғирлаб кетди
Президент ҳокимларга шошилинч топшириқ берди
Фарғонада томорқасида 450 туп кўкнори эккан онахон ушланди
Айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади
Хоразмда қарийб 10 млрд сўмлик табиий газ ўмарилди