Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 38 млрд долларга етди

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 38 млрд долларга етди

Ўзбекистон Республикасининг умумий ташқи қарзи жорий йилнинг бошига нисбатан 11 фоизга ёки 3,7 млрд долларга ошиб, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига 37,6 млрд долларни (жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 33,8 млрд. доллар) ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг Ўзбекистоннинг 2021 йилнинг 9 ойи учун Тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи бўйича шарҳида кўрсатиб ўтилган.

Қайд этилишича, йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 7 фоизга ёки 1,5 млрд. долларга ўсиб 22,9 млрд долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 18 фоизга ёки 2,2 млрд. долларга ўсиб 14,7 млрд долларни ташкил этди.

2021 йилнинг 9 ойи учун жорий операциялар ҳисоби дефицити 5,1 млрд доллар (2020 йилнинг 9 ойида 279,2 млн. доллар) миқдорида шаклланган. Бунда, савдо балансининг (товарлар ва хизматлар) манфий сальдоси (9,7 млрд. доллар) бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг ижобий сальдоси (4,6 млрд. доллар) ҳисобига қисман қопланган.

Жорий йилнинг 9 ойида молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси 6,0 млрд долларни ташкил этган. Бунда, молиявий ҳисоб дефицитининг ўсишига асосий сабаб кредитлар ва қарзлар бўйича норезидентлар олдидаги мажбуриятлар 2,7 млрд долларга, тўғридан-тўғри инвестициялар 1,7 млрд долларга ҳамда портфель инвестицияларида қимматли қоғозлар чиқарилиши эвазига 1,3 млрд долларга ўсиши асосий сабаб бўлди.

Ҳисобот даврида мамлакатнинг чет эл валютасидаги активлари 68,3 млрд долларни, ташқи мажбуриятларининг ҳажми эса 51,4 млрд долларни ташкил этди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг соф инвестицион позицияси йил бошига нисбатан 17 фоизга ёки 3,4 млрд. долларга қисқариб, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 16,9 млрд. долларни ташкил этмоқда.

×