Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро яқин бир неча соат ичида “тўлиқ ўт очишни тўхтатиш” режимида бўлади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп бугун, 24 июнга ўтар кечаси Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
“Исроил ва Эрон 12 соатга тўлиқ ва буткул ўт очишни тўхтатишга рози бўлди (тахминан 6 соатдан кейин, Исроил ва Эрон ўзларининг ҳозирги, якуний миссияларини якунлаганларида!), шундан сўнг уруш тугаган деб ҳисобланади!” деб ёзди Трамп.
Унинг қайд этишича, Эрон расман сулҳни бошлайди, 12 соатдан кейин Исроил ўт очишни тўхтатади, 24-соатда эса “дунё 12 кунлик урушнинг расман якунланганини кутиб олади”.
“Бу уруш йиллар давомида давом этиши ва бутун Яқин Шарқни вайрон қилиши мумкин эди, лекин бундай бўлмади ва бўлмайди ҳам! Худо Исроилни, Худо Эронни, Яқин Шарқни, Америка Қўшма Штатларини ва дунёни ёрлақасин!” дея ўз постини якунлаган Трамп.
Бироқ Исроил бу ҳақда расмий тасдиқ бермади ва Исроил ҳарбийлари 24 июнь куни тонгда Эрон томонидан Исроилга икки марта ракета отилганини маълум қилди. Гувоҳлар кейинчалик Тель-Авив ва Беэр-Шева яқинида портлашларни эшитган. Исроил ОАВ хабарига кўра, бир бинога зарба берилган ва Беэр-Шевадаги ракета ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлган.
Эрон расмийларидан бири аввалроқ Теҳрон оташкесимга рози бўлганини тасдиқлаган бўлса-да, мамлакат Ташқи ишлар вазири Исроил ҳужумларни тўхтатмагунча ҳарбий ҳаракатлар тўхтамаслигини айтди.
“Агар Исроил ўзининг ноқонуний тажовузини сейшанба куни соат 4:00 гача тўхтатса, Эрон жавоб бермаслик ниятида. Биз ҳарбий операцияларимизни тўхтатиш тўғрисидаги якуний қарорни кейинроқ қабул қиламиз”, деб ёзди Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчи бугун тонгда.
Оқ уй расмийсига кўра, Трамп Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан суҳбатда келишувни таъминлаган ва Исроил Эрон ҳужумларни давом эттирмаса, оташкесимга рози бўлган.
Трамп оташкесим босқичма-босқич амалга ошиши, ҳар икки тараф ўз операцияларини якунлаб олишлари мумкинлигини таъкидлади.
“Қатар Бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний Эрон расмийлари билан суҳбатда Теҳроннинг келишувга розилигини таъминлаган”, деб хабар берди “Reuters” манбаси.
Оқ уй расмийсига кўра, АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс, Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ махсус вакили Стив Уиткоф эронликлар билан тўғридан тўғри ва билвосита алоқада бўлишган.
Бундан бир неча соат аввал уч нафар Исроил расмийси Исроил Эрондаги операцияларни якунлаш ниятида эканини билдирган ва бу ҳақда АҚШни хабардор қилган. Изроилнинг Channel 12 телеканали хабар беришича, Нетаньяху сешанба эрталаб вазирлар билан йиғилиш ўтказиб, уларга омма олдида гапирмасликни буюрган.
Тасодифий хабарлар
Терговда шахснинг ёлғон гапираётганлигини аниқловчи қурилмалар
Дорихоналарда кучли таъсир қилувчи таблетка сотган шахслар қўлга олинди
Аёл 1.750 АҚШ долларига чув тушди
Янги ҳафта бошида кутилаётган об-ҳаво маълумоти маълум қилинди
Янги тизим: ҳокимлар энди уй бузиш учун ҳукуматдан рухсат олади