Энди йўллардаги айрим қоидабузарликларга жарима ёзилмайди

Энди йўллардаги айрим қоидабузарликларга жарима ёзилмайди

Ўзбекистонда йўллардаги енгил қоидабузарликлар учун огоҳлантириш берилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 17 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Қайд этилишича, айрим хорижий давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жарима жазоларидан ташқари “оғзаки огоҳлантириш” ва “огоҳлантириш” жазоси бор. Бунда биринчи марта кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар жаримага тортиш ўрнига, содир этган қилмишининг ижтимоий оқибатларини тушунтирган ҳолда огоҳлантирилади.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “маъмурий огоҳлантириш” жазо чорасини киритиш ва ижтимоий хавфлилиги кам бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун огоҳлантириш жазосини қўллашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, қуйидаги тартибларни ўз ичига олган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан илгари сурилди:

  • транспорт воситасини бошқариш жараёнида камар тақмаслик, техник кўрикдан ўтказмаганлик, тегишли жиҳозлар билан таъминланмаганлик, бошқариш давомида телефондан фойдаланиш, монитордан фойдаланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, мажбурий суғурта талабларини бузиш, пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги каби ҳолатлар учун огоҳлантириш қўлланилади. Бундай огоҳлантириш бир йилда бир марта қўлланилади; 

  • камера ва радарлар орқали қайд қилинган ҳуқуқбузарликлар бўйича қарор бир ойдан кечиктириб чиқарилган бўлса, жарима қўлланилмайди. Йўл чизиқларини босганлик камера орқали қайд этилмайди.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.


×