Президент академик Саъдуллаевнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент академик Саъдуллаевнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 май куни Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Миллий университети Математик анализ кафедраси профессори, физика-математика фанлари доктори, таниқли математик олим Азимбой Саъдуллаевнинг 78 ёшида вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу таъзия хати Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Нуриддин Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Фанлар академиясининг президенти Шавкат Аюпов томонидан йўлланган.

“Мамлакатимиз илм-фани оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор Азимбой Саъдуллаев 2025 йил 28 май куни 78 ёшида вафот этди”, дейилади таъзия хатида.

Ҳамдардлик хатига кўра, Азимбой Саъдуллаевнинг хотираси қалбларда сақланиб қолади.

“Академик Азимбой Саъдуллаевнинг мамлакатимиз илм-фани ва таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, у 2020 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди. Таниқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Азимбой Саъдуллаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади хатда.

Маълумот учун, Саъдуллаев 1947 йил 9 январда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. 1969 йилда Москва давлат университетини математика мутахассислиги бўйича тамомлади. Мазкур университет аспирантурасида таҳсил олиб, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1989 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1995 йилда ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Саъдуллаев ўзининг 55 йиллик меҳнат фаолияти давомида Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ўқитувчиси, доценти, кафедра мудири, факультет декани, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институти катта илмий ходими, Урганч давлат университети ректори, Хоразм Маъмун академияси раиси каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди.

Олимнинг 200 дан ортиқ илмий мақолалари, 15 та монографиясида математика соҳасининг кўплаб долзарб масалалари атрофлича тадқиқ этилган.

Азимбой Саъдуллаев 1995-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида самарали фаолият олиб бориб, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, парламент назорати механизмларини такомиллаштиришда жонбозлик кўрсатган.


Теглар:
×