Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 08 июнь кунги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони билан ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш ва ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашнинг янги ҳуқуқий асоси яратилди.
Унга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланди, шунингдек, 2021 йилнинг 1 августидан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди.
Ер кодекснинг 23-моддаси янги тахрирда қабул қилиниб, ушбу модданинг иккинчи қисми 1-бандида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) яъни, мулк қилиб бериш - қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, юқоридаги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 27-моддаси ҳам янги тахрирда қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади.
Бундан ташқари, Ер кодексининг 6-моддасида назарда тутилган туман (шаҳар) ҳокимларининг ер муносабатларига оид айрим ваколатлари, жумладан фуқароларга, юридик шахсларга эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, шунингдек ерларни олиб қўйишга доир ваколатлари бекор қилинди.
Шунингдек, 2021 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунига кўра, Ўзбекистон Республикасининг фукароси томонидан - якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ўзига берилган ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан хусусийлаштириш тўғрисида ариза берилади. Ер участкасига бўлган доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара ҳуқуқи тегишли равишда Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахсларига ўтганда уларга мазкур ер участкасини хусусийлаштиришга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтади. Ариза давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали оркали берилади.
Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бўлиб, у хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматини тўлаш тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилганидан кейин бир иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.
Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.
Абдурасул Нарзулаев,
Наманган вилояти маъмурий
судининг судьяси
Тасодифий хабарлар
Мирзиёевнинг Озарбайжонга отланаётгани айтилди
Оқ уй “тилга кирди”. Эрон ҳужуми масаласида баёнот берилади
Журналист Абдукарим Мирзаевга Ўзбекистонда иш очилмаган – Бош прокуратура
Гавайида ёнғинлар тўхтамаяпти: саксон киши қурбон бўлди
Эндиликда Қирғизистондаги маҳбусларни интернет орқали кузатиш мумкин!