Учала рақиб ҳам ўз минтақасининг кучли вакиллари – Исломбек Исмоилов

Учала рақиб ҳам ўз минтақасининг кучли вакиллари – Исломбек Исмоилов

U-17 Жаҳон чемпионати қуръаси натижаларига кўра Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Парагвай, Панама ва Ирландия билан бир гуруҳдан жой олди. Қуръа маросимидан сўнг жамоа бош мураббийи Исломбек Исмоилов мусобақа ва рақиблар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ҳар учала рақиб ҳам ўз минтақасининг кучли вакиллари саналади ва бу турнирга муносиб тарзда йўл олишган. Шу боис ҳар бир ўйинга алоҳида ва пухта тайёргарлик кўрамиз”, дейди мураббий.

Унинг билдиришича, Парагвай – Жанубий Американинг жисмоний куч, интизом ва техника уйғунлиги билан ажралиб турадиган жамоаси. Улар ҳеч қачон курашдан чекинмайди. Панама эса CONCACAF минтақасида йилдан-йилга ўсиб келаётган футбол мактабига эга. Уларнинг ўйин услуби тезлик, қарши ҳужум ва юқори прессингга асосланган. Ирландия классик Европа футболи вакили бўлиб, кучли шаклланган ўйин ва интизом билан ажралиб туради.

“Шубҳасиз, гуруҳдаги барча жамоалар кучли. Бу босқичда осон рақиб йўқ. Аммо биз ҳам Осиё чемпионлари сифатида ушбу мусобақада шунчаки иштирок учун эмас, балки исталган жамоага қарши рақобат кўрсатиш, ўз салоҳиятимизни намоён этиш ва юртимиз номини муносиб ҳимоя қилиш учун ҳаракат қиламиз

Жамоамизда ишонч бор, сўнгги йилларда катта тажриба орттирган, бир қатор оғир баҳслардан ўтган ва энди ҳар бир ўйинга чуқур таҳлил, аниқ режа ҳамда юксак руҳий тайёргарлик билан чиқади. Бор эътиборимизни рақибларни чуқур ўрганишга, иқлим ва муҳитга мослашишга, шунингдек, футболчиларимизни руҳий ва тактик жиҳатдан энг юқори даражада тайёрлашга қаратамиз. Юртимиз байроғини жаҳон миқёсида юқори кўтариш ва футбол мухлисларига қувонч улашиш биз учун шарафдир”, дея таъкидлайди Исломбек Исмоилов.


Теглар:
×