Очликдан ўлаётган Ғазо болалари учун илк ёрдам юклари етиб борди

Очликдан ўлаётган Ғазо болалари учун илк ёрдам юклари етиб борди

Кеча, 11 ҳафталик тўлиқ блокададан сўнг очлик исканжасида қолган Ғазо болалари ва аҳолиси учун биринчи ёрдам юклари етиб борди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

Ушбу ёрдамлар орасида ун, дори-дармон, болалар овқати ва бошқа зарур маҳсулотлар бор. Бу жараён Исроил ҳукуматининг БМТга ёрдам етказишни чекланган ҳажмда тиклаш илтимоси билан мурожаат қилганидан сўнг бошланган.

БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) вакиллари ёрдам юкларини Карем-Шалом назорат пунктидан Ғазога жўнатган. Уларнинг айтишича, бу ижобий қадам бўлса-да, мавжуд муаммолар фонида бу фақат “денгиздан бир томчи”.

БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Том Флетчер Исроилни анклавнинг жанубида ва шимолида гуманитар юкларни ташиш учун бошқа чегара ўтиш жойларини очишга чақирган. Дастлаб Исроил Ғазога фақат 9 та гуманитар ёрдам учун киришни маъқуллаган. Аммо кейинчалик БМТ анклавга яна 100 та юк машинасини киритиш учун рухсат олган.

Ғазодаги вазият

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, ҳудудда жойлашган шифохона Исроил ҳужуми остида қолган, оқибатда электр генераторлар зарар кўрган ва шифохона вақтинча фаолиятини тўхтатган. Шу вақтда бинода 55 киши, жумладан беморлар ва тиббий ходимлар бўлган.

Яна бир хабарга кўра, Исроил ҳарбийлари Нусейрат ҳудудидаги мактабга авиазарба берган. Ҳодиса оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, бир нечта одам яраланган. Қурбонлар орасида БМТнинг BAPOR ташкилотида ишловчи икки ўқитувчи ҳам бор. Умуман, Ғазодаги бу ташкилот ходимларидан 300 дан ортиғи ҳалок бўлган.

Исроил қўмондонлиги яна 26 ҳудуддаги аҳолини кўчиришни буюрган. Бу ҳудудлар Ғазонинг шимолий қисмида жойлашган бўлиб, секторнинг 10 фоизини ташкил этади.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг 15 май кунидан бери Ғазонинг жанубида 57 мингдан ортиқ одам кўчирилган. Шимолда эса бу рақам 81 минг кишига етган.

Қолаверса, ҳудудда ёқилғи танқислиги туфайли ичимлик суви ва санитария иншоотлари ишламаяпти. Айниқса, шимолий ҳудудларда бутунлай ёқилғи қолмаган. Ўтган ҳафта фақат зарурий ҳафталик захиранинг ярми етказилган. Оқибатда қудуқларнинг ишлаш вақти қисқарган, уларнинг тўлиқ тўхташи эҳтимоли жуда юқори.


×