Энди Ўзбекистонда умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари официант, сотувчи, сартарош, буюмларни қўлда тахловчи-қадоқловчи, деҳқон хўжалиги аъзоси, юкчи бўлиб ишлаши мумкин. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди.
Ушбу қарор лойиҳасида айтилишича, Меҳнат кодексига мувофиқ, шунингдек, соғлиғига ҳамда маънавий камол топишига зиён етказмайдиган, ўқиш жараёнини бузмайдиган енгил меҳнатни ўқишдан бўш вақтида бажариши мумкин бўлган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчиларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида уларнинг меҳнат қилиши мумкин бўлган енгил турдаги ишлар ва касблар рўйхати тузилган.
Қолаверса, ушбу рўйхатда 40 та иш ва касблар номлари келтирилган.
Бунда 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларнинг иш вақти фақат юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишлардан иборат бўлганда, улар учун юк кўтариш ва ташиш нормасининг чегараси 4,1 килограмдан оғир бўлмаслиги, шунингдек, улар аравача ва вагонетка ёрдамида юк ташишларига жалб этилмаслиги лозим.
16 ёшгача бўлган вояга етмаганлар иш вақтининг учдан бир қисми юкларни қўлда кўтариш ва ташиш билан боғлиқ ишлардан иборат бўлганда, қўлда юк кўтариш ва ташиш нормаларининг чегараси ўғил болалар учун – 6,5 килограм, қиз болалар учун – 3,5 килограмдан оғир бўлмаслиги лозим.
Шу билан биргаликда, 15—16 ёшли шахсларни ишга қабул қилиш унинг ота-онасидан бирининг (ота-онасининг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги мавжуд бўлганда меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади.
Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчиларининг меҳнатидан фойдаланишда мазкур низомга риоя қилмаган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши кутилмоқда.
Мазкур қарор лойиҳаси 8 май куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Муҳокама 23 майга қадар давом этади.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистон сўнгги 10 йилдаги зилзилалардан 84 млрд сўм зарар кўрган. Қурбонлар ҳам бўлган
Аукционда бўлган "30 З 777 ЗЗ" рақами тақилган автомобил сурати тарқалиши бўйича расмий изоҳ берилди
Роналду 780 минг долларлик соат ясатди (видео)
Яшнобод туман Кенгаши депутати Дилдора Ботировна коронавирусдан вафот этди
Таниқли ўзбек актёри мусулмон эътиқодига тўғри келмайдиган лойиҳадаги иштирокини тўхтатди