Файзуллаев мухлислардан узр сўради

Файзуллаев мухлислардан узр сўради

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг ЦСКА клуби футболчиси Аббосбек Файзуллаев ўйинда голга сабаб бўлган хатоси учун узр сўради. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида ёзди.

Кеча, 19 май куни Россия премьер-лигасининг 29-тури доирасида ЦСКА ва “Локомотив” Москва дербисида дуранг ўйнади. “Темирйўлчилар” стадионида ўтган баҳс 2:2 ҳисобида якунланди.

“Локомотив” сафида дубль муаллифи Дмитрий Воробьев бўлди – у 10 ва 25-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол этди. Айнан иккинчи гол 21-дақиқада ўйинга захирадан қўшилган Аббосбек Файзуллаевнинг хатоси билан киритилди. У жамоадошига нотўғри узатмани амалга ошириши туфайли тўпни Воробьев эгаллаб олди ва дарвозани ишғол қилди.

“Иккинчи гол пайтида йўл қўйган хатоим учун барча мухлислардан узр сўрайман. Тўлиқ жавобгарликни ўз зиммамга оламан ва кейинги ўйинларда жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиламан”, деб ёзди Файзуллаев Instagram саҳифасида.

Бироқ ўйинда ЦСКА камбэк амалга ошириб ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди ва якунда жамоалар 1 очкодан бўлишиб олди.

Маълумот учун, ЦСКА ҳозирда 56 очко билан турнир жадвалида “Динамо”ни қўшимча кўрсаткичлар бўйича ортда қолдириб, учинчи ўринга қайтди. “Локомотив” ҳисобида эса 50 очко мавжуд ва жамоа турнир жадвалида олтинчи ўринда бормоқда.

Якуний 30-турда ЦСКА ўз майдонида “Пари НН”ни қабул қилади, “Локомотив” эса сафарда “Акрон” жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ҳар икки учрашув 24 май куни бўлиб ўтади.


Теглар:
×