Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 млн доллар ажратди. У нимага сарфланади?

Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 млн доллар ажратди. У нимага сарфланади?

Жаҳон банкининг Ижроия директорлар кенгаши Ўзбекистонга 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг расмий сайтида эълон қилинган пресс-релизда сўз боради.

Маълум қилинишича, ушбу маблағ мамлакатдаги қайта тикланувчи энергия манбаларини электр тақсимот тармоқларига интеграция қилиш ва муҳим ҳудудларда электр таъминотининг ишончлилигини оширишга қаратилган дастурга йўналтирилади.

Ушбу дастурни амалга ошириш учун “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча 50 миллион доллар ажратади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Жаҳон банки Ўзбекистонда илк бор “натижага йўналтирилган дастур” (Program-for-Results) молиялаштириш механизмидан фойдаланмоқда. Бу восита Жаҳон банкининг энг муҳим давлат дастурларини молиялаштиришда қўлланилади.

Билдирилишича, сектор молиявий жиҳатдан зарарли бўлиб қолмоқда – хизматлар учун қарздорлик ва бошқа тижорат йўқотишлари мавжуд. Бу эса давлат бюджетига босим қилмоқда.

Шунинг учун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ молиявий ва операцион ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татьяна Проскурякованинг айтишича, бу ёрдам Ўзбекистоннинг инфратузилмасини модернизация қилишга катта ёрдам кўрсатади.

“Бизнинг молиявий кўмагимиз Ўзбекистоннинг 2030 йилгача тақсимот инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича давлат дастурига ҳисса қўшади. Бу дастур доирасида жами 3 миллиард долларлик инвестиция талаб қилинади. Умид қиламизки, бошқа халқаро ҳамкорлар ва хусусий инвесторлар ҳам бизнинг ортимиздан эргашади”, деган Проскурякова.

Ушбу дастур бўйича келгуси 5 йил давомида амалга ошириладиган асосий ишлар қуйидагилардан иборат:

  • 6 минг километр паст кучланишли электр узатиш линияларини қуриш ва модернизация қилиш;
  • 1200 та трансформатор (умумий қуввати 250 МВА) ўрнатиш ва янгилаш;
  • 150 минг дона “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиш – бу тижорат йўқотишларини камайтиради;
  • 4 мингта маълумот тўпловчи қурилмаларни ўрнатиш – бу тармоқларни рақамлаштириш ва автоматлаштиришга хизмат қилади.


Теглар:
×