Бу ҳаммамизга келган синов — Президент онкологияда даволанаётган болалардан хабар олди

Бу ҳаммамизга келган синов — Президент онкологияда даволанаётган болалардан хабар олди

Президент Шавкат Мирзиёев бугун янги қурилган Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида бўлди. Давлат раҳбари марказда яратилган шароитлар билан танишди, шифокорлар, даволанувчилар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатда бўлди.

Ушбу шифохона юртдошларимизга нима беради? Аввалги тизим билан янгиси ўртасида қандай фарқ бор?

Энг аввало таъкидлаш лозим, болалар шифохонаси катталарникидан алоҳида қилиб чиқарилди. Илгари катталар билан умумий бўлган. Шунингдек, марказда қабул бўлими, консултатив поликлиника, кундузги стационар ва реанимация бўлимлари ташкил этилган.

Шунингдек, илгариги шифохона 85 та ўриндан иборат бўлган бўлса, янгисида 160 болани даволаш имконияти мавжуд. Яна бир эътиборга молик жиҳат, эски шифохонада 15 кв.м жойда 3-4 нафар бемор ётган, янги марказда эса худди шунча жойда бир бола даволанади. Она-оналар алоҳида жой билан таъминланишини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Таом масаласида ҳам ўзгариш бўлди, энди болакайларимиз беш маҳал овқатланадилар. Ота-оналарга ҳам бепул таом берилади.

Албатта даволаш сифати яхшиланмаганда бу шарт-шароитларнинг барчаси ҳақида гапиришдан ҳам маъни қолмаган бўларди. Бу борада Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида бир қатор янгиликлар қилинди.

- Туркия, Россия ва Беларус давлатларидан маслаҳатчи-шифокорлар жалб қилинди;
- 18 та даволаш стандарт ва протоколлари жаҳон талаблари асосида қайта ишлаб чиқилди;
- 26 та юқори технологик ташхис усуллари жорий қилинди;
- Самарадорлиги юқори бўлган кимётерапия, таргет ва иммунотерапия даволаш усуллари жорий қилинди;
- Суяк ўзак хужайралари трансплантация амалиётлари йилига 4 тадан 14 тага етказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев марказ билан танишиш асносида болалар билан ҳам, уларнинг ота-оналари билан ҳам имкон қадар кўпроқ суҳбатлашди. Давлат раҳбари ота-оналарга марказ қуришдан мақсад нима бўлгани, қандай сабабларга кўра даволаш протоколларига ўзгартириш киритилаётгани ва қайси давлатлардан мутахассислар таклиф этилаётганини батафсил тушунтиришга ҳаракат қилди.

— Бу касаллик сизга ҳам, бизга ҳам Аллоҳдан келган синов. Мен ўйлайманки, биз бу синовдан яхши ўтамиз, насиб қилса касалликларни енгамиз! — деди Шавкат Мирзиёев.

×