Ҳаддан ортиқ катта бойлик бахт келтирмади – депрессия туфайли 35 ёшида вафот этди

Ҳаддан ортиқ катта бойлик бахт келтирмади – депрессия туфайли 35 ёшида вафот этди

У ҳақиқатан ҳам ҳар қандай аёл орзу қиладиган ҳамма нарсага эга эди. Эркакларни ақлдан оздирадиган гўзаллик, пул, ҳашамат – энг қиммат ва нафис заргарлик буюмларининг чексиз миқдори, барча-барчаси бор эди. Ва энг қизиғи бутун дунёни унинг оёқлари остига қўйишга тайёр бўлган эркаклар. Яна иккита орол ва иккита пантера. Лекин бу тўкинлик, фаровонлик, бойлик уни бахтли қила олдими?

Нина Шейла Дайер 1930 йилда туғилган. Унинг отаси Цейлонда (Шри-Ланка) чой плантацияларига эга эди. Жуда чиройли кўзлари, мағрурлиги ва жасурлиги билан ҳар қандай эркакни гипноз қила олар эди. 

Нина Шейланинг болалиги оролда ўтди ва йигирма ёшида дунёни забт этишга киришди. Aввал Ливерпулга, кейин Лондонга ва кейин Парижга йўл олди.

Aйнан ўша ерда уни машҳур Пер Балмен пайқади – уни модалар уйи ёнида туриб, музқаймоқ еб, дераза витринасига қараб турганида кўрди.

Тез орада у супермоделга айланди. Ижтимоий тадбирлар, журналлар, шоулар, яхталар, зиёфатлар... Aммо у тез орада бу касбидан зерикди, актриса бўлишни хоҳлади.

Қиз кинони орзу қиларди, аммо... у турмушга чиқди. Унинг танлагани 32 ёшли барон Ханс Гейнрих Тиссен-Борнемисс ўша даврнинг деярли энг бой одами эди. Тўй 1954 йилда бўлиб ўтди.

Тўғри, тўйдан олдинги дастлабки икки йил давомида Нина Шейла шунчаки унинг хуштори эди. Сабаби у танлаган эркак Германиянинг ҳукмрон князларининг жуда қадимий оиласидан бўлган ҳақиқий австриялик малика Тереза Липпе-Вайнфелд қонуний турмуш ўртоғи эди.

Маълумотларга қараганда, барон Нинани ўзига маъшуқа бўлишни таклиф қилганда, у қатъият билан сўради: «Бунинг эвазига мен нима оламан?»

Ва табиийки ўз даврининг деярли энг бой одами, хасислик қилмади. У аёлни чексиз совғалар билан сийлади: энг қиммат мўйналар, энг қиммат тақинчоқлар, энг қиммат машиналар... Ва совғалар орасида Ямайка қирғоқлари яқинидаги Пелев ороли ва иккита пантера ҳам бор. У бу ёввойи мушукларни шу қадар яхши кўрганки, ҳатто пантераларнинг шакли туширилган бриллиант тақинчоқларга ҳам эга бўлган.

Қиз оролда кулба қуриб, у ерда истаганча яшади, чўмилди. Ва Долли ва Элизабет – пантералари унинг содиқ ҳамроҳларига айланди – ҳамма жойда жонзотлари билан бирга юрди.

Ва шунга қарамай, тез орада бу ҳам унга етарли эмасдек туюлди, Нина қонуний хотин бўлишни хоҳлади. Барон бўйсунди. Чунки эркак Нина Шейлани деб ақлдан озган ва ҳамма нарсага тайёр эди. Бироқ, Нина Дайер кўп ўтмай оила ришталарини узиб ташлади. Аслида Гейнрих Тиссеннинг оилавий ҳаёти қизни учратмасдан олдин ҳам унчалик омадли эмас эди. Aйтишларича биринчи хотини – жуда қадимий князлар оиласидан бўлган австриялик малика келиб чиқишини эслатиб доимо уни камситган.

Буни қарангки, шунча илтифот ва эътиборга қарамай тўйдан уч ой ўтгач Нина Шейла ҳам уни доғда қолдирди –хотини унга ёш актёр Жан-Клод Брали билан хиёнат қилаётганини сезиб қолди.

Кўриб турганингиздек, ҳатто кўп пул ҳам оилавий бахтни кафолатламайди.

Бизнинг ҳикоямиз қаҳрамони жуда яхши мерос билан ажрашди: 2,8 миллион доллар, Франция жанубидаги қалъа, эри совға қилган барча заргарлик буюмлари ва орол. Унинг муносабатлари актёр билан ҳам узоққа чўзилмади.

Aжралишлардан сўнг, Нина бир мунча вақт ёлғиз қолишни хоҳлаётганини эълон қилди. Aммо... 1957 йилда у яна 24 ёшли шаҳзода Садруддин Оғахонга турмушга чиқди.

Биринчи эри сингари, шаҳзода ҳам Нина туфайли ақлдан озган. Аёлга уйланиш учун у оиласига, ҳаммага қарши чиқди. Нина ўз навбатида исломни қабул қилиб, ўзига Ширин деб исм қўйди. Янги турмуш ўртоғи муҳим лавозимларни эгаллаган эди: у дипломат ва БМТнинг қочқинлар бўйича ваколатли ходими бўлган. Нина эса уйсиз ҳайвонларга ёрдам беришдан завқланган.

Шаҳзода Садруддин ҳам унга ҳар хил қимматбаҳо совғалар ёғдирди, ундан ташқари хотинига яна бошқа бир оролни берди. Ва бу никоҳ ҳам узоққа бормади – 1962 йилда улар ажрашишди.

Aйтишларича, жуфтликнинг ажралишига кўйлак сабаб бўлган. Бир жума куни бутун оила, жумладан, эрнинг ота-онаси, амакилари ва уларнинг хотинлари – барча қариндошлар кечки овқатга йиғилишди. Нина дастурхон бошига жуда очиқ-сочиқ либосда келди. Буни кўрган аёллар бақириб юборишди. Эркаклар уни у ердан судраб олиб чиқишга шошилишди. Бахтсиз эр эса қўллари билан кўзларини тўсиб ўтирди. Шундан сўнг дарҳол ажралиш содир бўлди. Дарғазаб шаҳзода ғазаб билан деди:

– Сенинг жойинг ўрмонда, ёввойи маймунлар орасида!

Шу ерда эртак тугайди. Aжралишдан кейин Нина Парижга бориб, актриса бўлишга ҳаракат қилди. Лекин Парижда уни ҳурмат-эътибор билан кутиб олишмади, ҳатто унинг устидан кулишди ва у бунга ўрганмаган эди. У ўзига мос келмайдиган нарсаларга умуман ўрганмаган эди. Ҳамма нарса ҳар доим ўз-ўзидан содир бўлган, ҳамма нарсага ҳеч қандай куч ва ҳаракат қилмасдан эришган. Дарҳақиқат, бу унинг ҳаётидаги биринчи муваффақиятсизлик эди.

Шундан сўнг аёл ўзини ёлғизликка маҳкум қилди. У қаровсиз итларга ғамхўрлик қила бошлади. Заргарлик тақинчоқларини пантераларининг бўйнига тақиб қўйди. У спиртли ичимликлар ва кокаинга қарам бўлиб қолди. Баъзан аёл маҳаллий клубларга чиқиб, ҳушидан кетгунича маст бўлар, уни қўриқчиси уйига олиб келиб ташларди.

Ва бир куни ҳаммаси аянчли тугади – у ётоқхонасидан ўлик ҳолда топилган, қонида спиртли ичимликлар ва катта дозадаги уйқу таблеткалари топилган. Нина Дайер эндигина 35 ёшда эди. Ўлимнинг сабаби депрессия туфайли ўз жонига қасд қилиш, деб тахмин қилинди. Тўғри, унинг бойликларини ўғирлаш учун ухлатувчи дори бериб ўлдиришган бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди. Лекин бу энди муҳим эмас.

Бир нарса аниқ. У орзу қилган ҳамма нарсага эга эди, лекин бу бойлик ва ҳашамат уни бахтли қилмади. Ўзи айтганидек: «Шундай бўлдики, буюк нарсалар менинг кундалик ҳаётимга айланди»...


Теглар:
×