Аввалроқ, Россия Федерацияси 2024 йил 31 августгача шакар ва хом шакар экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этиши хабар қилинганди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда Россия Ўзбекистонга шакар етказиб беришни тўхтатиши республика ички бозорида шакар нархининг қимматлашувига олиб келиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бунга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда шакар маҳсулотига бўлган йиллик талаб ўртача 650-700 минг тоннани, шундан аҳоли истеъмоли учун (аҳоли сони 36,8 млн киши, тиббий меъёр бўйича 1 кишига 9,1 кг/йил) 335 минг тоннани ва озиқ-овқат саноати корхоналари талаби учун 300-350 минг тоннани ташкил этади. Республикада фаолият юритаётган 2 та: “Ангрен Шакар” ва “Хоразм Шакар” МЧЖ шакар ишлаб чиқариш корхоналарининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 900 минг тоннадан кўп бўлиб, бу ички бозорни талабидан ортиғи билан таъминлашга етади. Ушбу корхоналар томонидан 2023 йилда 600 минг тоннадан зиёд шакар ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, 2023 йилда шакар импорти 150 минг тоннани ташкил этиб, нафақат Россиядан, балки Покистон, Қозоғистон, Таиланд, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан ҳам шакар импорт қилинмоқда.
Бунда асосан йирик саноат корхоналари томонидан ўз эҳтиёжи учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда хомашё сифатида фойдаланиш мақсадида шакар импорт қилинган.
Россия Федерацияси томонидан шакар экспортини чеклаш Ўзбекистоннинг ички бозорида танқисликни келтириб чиқармайди, чунки республикамиздаги йирик шакар ишлаб чиқарувчи заводларнинг фаолияти Россия билан боғлиқ эмас ва 2023 йилда хомашё, асосан, 762 минг тонна миқдорида (шакар чиқиши 98 фоиз) Бразилия ва Ҳиндистондан импорт қилинган.
Қайд этилишича, бугунги кунда иккита шакар ишлаб чиқариш заводлари томонидан биржага ички бозор учун ҳар куни 2 100 тонна маҳсулот чиқарилаётган бўлиб, шакар кўплигидан унинг атиги ўртача 300 тоннаси сотилмоқда, холос. Шакар сотилмаётганлиги натижасида корхоналар бозор баҳосидан ҳам паст нархга таклиф қилмоқда. Бугунги кунда (5 апрель ҳолатига) ички бозорда шакарнинг чакана нархи ўртача 13,8 минг сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 2,8 фоизга ошган.
Шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар маълумотига кўра, бугунги кунда етарли (4 ойлик савдо учун) шакар ва шакар хомашёси захираси мавжуд. Шунингдек, шакар ишлаб чиқариш учун Бразилия мамлакатидан хомашё кириб келиши давом этмоқда.
“Шундай экан нафақат Россиядан, балки бошқа мамлакатлардан ҳам тайёр шакар маҳсулоти импорти чеклансада, маҳаллий корхоналар томонидан ички талабни тўла қондириш имконияти мавжуд”, дейилади вазирлик баёнотида.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистон Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатди
Трамп касалхонага ётқизилди. Уни қандай препарат билан даволашаётгани маълум
Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини қандай қилиб алмаштириш мумкин ва бу қанча бўлади
Наманганда сумка ўғирлаган шахслар қўлга олинди
Наманганда бир оиланинг 3 нафари ис газидан заҳарланиб вафот этди