Қатар: ҲАМАС икки кунлик сулҳда яна 20 нафар гаровга олинганни озод қилади

Қатар: ҲАМАС икки кунлик сулҳда яна 20 нафар гаровга олинганни озод қилади

Қатар ТИВ маълумотларига кўра, Ғазо секторида ҲАМАС томонидан гаровга олинган яна 20 нафар исроиллик қўшимча икки кунлик сулҳ давомида озод этилиши мумкинлиги ҳақида «тасдиқ бор». 


ҲАМАС жангчилари 28 ва 29 ноябр, сешанба ва чоршанба кунлари Ғазо секторидаги гуманитар сулҳни узайтириш бўйича келишув доирасида яна 20 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилади, деди Қатар ТИВ матбуот котиби Мажид бин Муҳаммад ал-Ансорий. «Биз Ғазо секторида гаровга олинган 20 нафар шахс икки кун ичида озод этилиши мумкинлиги ҳақида тасдиқланган маълумотга эгамиз», деди у Доҳадаги матбуот анжуманида ва Қатар ҳозирда ҲАМАС томонидан қолаётган гаровга олинганларнинг умумий сонини тасдиқлай олмаслигини таъкидлади. 

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда воситачилик қилаётган Қатар «барқарор сулҳ»га эришиш учун Ғазо секторидаги гуманитар паузанинг икки кунлик узайтирилишидан фойдаланиш ниятида», дея қўшимча қилди ал-Ансорий. «Ҳозирги пайтдаги асосий мақсадимиз ва умидимиз кейинги музокараларга олиб келадиган барқарор сулҳга эришиш ва охир-оқибатда бу урушни тугатишдир», деди у. 

Қатар ТИВ вакилининг сўзларига кўра, ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроиллик аскарларни озод қилиш бўйича музокаралар тинч аҳоли озод этилганидан кейин бошланиши мумкин. «Ҳозирги пайтда гаровга олинган фуқаролар, аёллар ва болаларни озод қилиш устувор вазифа, кейин навбат ҳарбийларга келади», - деди ал-Ансорий. 

Ғазодаги сулҳ икки кунга узайтирилди 

24 ноябрдан бери Ғазо секторида Қатар воситачилигида Исроил ва ҲАМАС томонидан тўрт кунлик муддатга келишилган вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш келишуви амал қилмоқда. Келишув шартларига кўра, бу вақт ичида ҲАМАС жангчилари 7 октябр куни гаровга олинганлар орасидан 50 нафар аёл ва болани Исроилга топшириши керак. Исроил 150 нафар фаластинлик маҳбусларни – аёллар ва ўсмирларни қамоқхоналардан озод қилиши лозим. 

Аввалги келишув муддати тугашига бир неча соат қолганда, 27 ноябр куни кечқурун Қатар ТИВ Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш режимини яна икки кунга узайтиришга келишиб олганини маълум қилди. Сулҳнинг «олдинги шартларда» узайтирилиши ҳақидаги маълумотни ҲАМАС вакиллари тасдиқлади. Ўша куни можаро томонлари гаровга олинганлар ва асирларни тўртинчи алмашишни амалга оширди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 15 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Теглар:
×