Хитой 10 минг квадрат метр майдондаги энергия таъминоти тизимларини ишдан чиқаришга қодир қурол ишлаб чиқди. Бу электр станциялари ва юқори кучланишли электр узатиш линияларини ишдан чиқаришга қодир янги турдаги графит бомбаси бўлиши мумкин. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениесига таяниб, “The South China Morning Post” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, бомба ер усти транспорт воситаси ёрдамида учирилади. У ҳавода портлашдан аввал 90 дона цилиндрсимон кичик қуролларни (суббўлинмаларни) ташлаб юборади. Улар портлагач, ҳаво бўшлиғида электр токини ўтказувчи ингичка углерод толалари ҳосил қилади ва бу толалар юқори кучланишли тармоқларда қисқа туташув чақириб, бутун тизимни ишдан чиқаради.
Ушбу қуролнинг зарба кучи масофаси 290 километрга баҳоланмоқда, жанговар қисмнинг оғирлиги эса 490 килограммни ташкил этади. Қуролнинг тўлиқ техник хусусиятлари ошкор этилмаган. Хитой илгарироқ замонавий уруш усулларига мослашиш ва келажак урушларида ғалаба қозона олиш салоҳиятини исботлашга ваъда берган.
Айрим технологиялар масалан, сунъий интеллект бошқарувидаги дронлар ва гиперёруғлик қуроллари жорий йилнинг 3 сентябрь куни Пекинда бўлиб ўтадиган, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган парадда намойиш қилинади. Тадбирда киберқўшинлар ва радиоэлектрон кураш кучлари ҳам иштирок этади.
Қайд этиш жоиз, жорий йил апрель ойида Хитой магний гидрид асосида ядросиз водород бомбасини муваффақиятли синовдан ўтказганди. Портлаш вақтида икки килограммли қурилма 1000 даражадан юқори ҳароратга эга оловли шар ҳосил қилади. Бу шар тротил портлашига қараганда 15 баробар узоқроқ вақт давомида сақланиб туради. Бомба муаллифларининг билдиришича, ундаги моддаларнинг ўзаро комбинацияси портлаш кучини аниқ созлаш ва катта ҳудуддаги нишонларни тенг зарарлаш имконини беради.
2024 йил ноябрь ойида эса Хитой электромагнит тўлқинларни синхронлаштириб, аниқ йўналтиришга қодир энергетик қурол ишлаб чиққанини эълон қилган. Бу тизимни “Юлдузлар жанги” фильмидаги “Ўлим юлдузи” билан таққослашган. Ушбу тизим сунъий йўлдошлар, хусусан, GPS сигналини тўсишга қодир бўлиб, фақат ҳарбий эмас, балки илмий тадқиқотлар учун ҳам ишлатилиши мумкинлиги айтилган.
Графит бомбалари АҚШда ҳам мавжуд. Масалан, BLU-114/B снаряди – ток ўтказувчи углерод асосидаги композит материалдан тайёрланган толали бомбадир. АҚШ бу бомбаларни биринчи марта 1991 йилда Ироққа қарши урушда қўллаб, мамлакатни электр энергиясининг 85 фоизидан маҳрум қилган. 1999 йилда эса улар Югославия урушида қўлланди. Оқибатда мамлакат ҳудудининг 70 фоизи электрсиз қолган.
Жанубий Корея ҳам Шимолий Корея билан эҳтимолий уруш ҳолатида фойдаланиш учун графит бомбалари ишлаб чиқилаётганини билдирган. Бу қурол Мудофаа тараққиёт агентлиги томонидан тайёрланган бўлиб, олдиндан зарба бериш дастури доирасидаги элементлардан биридир.
Тасодифий хабарлар
Россия бутунлай ёпилди
Жиззахда хонадондан 35 млн сўм пул ва 13 дона тақинчоқни ўғирлаб кетган шахслар ушланди
Хуш хабар! +3: Наманган вилоятида коронавирусдан тузалган беморлар сони 254 нафарга етди
ОАВ: АҚШ Украинага Abrams танкларини жўнатишни маъқуллади
Манба: Шомуродовга асосий даъвогар "Торино" бўлиб турибди