Умра зиёратини ташкил қилувчи фирмаларга айрим талаблар қўйилмоқда

Умра зиёратини ташкил қилувчи фирмаларга айрим талаблар қўйилмоқда

Хусусий шаклдаги турфирмаларнинг «Умра» хизматларини кўрсатиши бўйича айрим қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилмоқда.

Диний қўмитага кўра, бу Ҳукуматнинг 2023 йил 8 августдаги 345-сонли «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Унга кўра, мазкур хизмат билан шуғулланувчи хусусий сектор вакиллари, жумладан:

  • 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўяди;
  • «Умра» хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлайди;
  • «Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлишини таъминлайди;
  • «Умра» хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш таъқиқланади;
  • «Умра» хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширади.

Мазкур қарор асосида эндиликда фақат «Умра лицензиясига эга» бўлган мамлакатимизда фаолият юритаётган туристик ташкилот «Умра» тадбирларини ташкил этади.

Қайд этилишича, 2023 йил 1 октябрдан «Умра» хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Баҳолаш тизими Туризм қўмитасининг махсус сайтида эълон қилиб бориляпти.

Эслатиб ўтамиз, қарорда белгиланган қўшимча лицензия талаб ва шартлари 2023 йил 1 ноябрдан қўлланилади.


×