Фаластинлик болалар ўлимига доир таҳликали рақамлар ошкор қилинди

Фаластинлик болалар ўлимига доир таҳликали рақамлар ошкор қилинди

Исроилнинг 7 октябрдан буён Ғазога ёғдираётган бомбалари оқибатида камида 1756 нафар фаластинлик бола ҳалок бўлди, 4000 дан зиёди эса жароҳатланди, деб хабар берди «Defense for Children International – Palestine» ташкилоти.

Бу эса Исроил авиаҳужумларидан ҳар 15 дақиқада бир бола ҳаётдан кўз юмаётганидан далолат беради.

Таҳлилларга қараганда, Россия Украина ҳудудига бостириб кирган 2022 йил 24 февралдан буён ўтган вақт давомида 554 нафар украиналик бола ҳалок бўлган. Исроилнинг галдаги ҳарбий амалиёти бошланган сўнгги 14 кун ичида эса Ғазода бундан уч баравар кўп норасидалар ўлдирилди.

Ғазода ҳалок бўлган болаларнинг жанозаси. Фото: AFP

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Ғазода болалар ўлими соат сайин ошиб бораётганидан хавотир изҳор қилиб, уни тўхтатишни талаб қилган.

«Айни пайтда Ғазодаги бирор бир боланинг жони хатардан холи эмас. Хунрезлик кучайиб боряпти ва унинг охири ҳам кўринмаётир. Болаларнинг ўлдирилиши ва мажруҳ этилиши, мактаб ва шифохоналарга ҳужум уюштирилиши жиддий қонун бузилиши бўлиб, айбдорлар ўз хатти-ҳаракати учун жавоб бериши керак. Ҳар куни террорга рўбарў бўлаётган болалар, шунингдек, очлик, қўнимсизликдан азият чекмоқда. Уларга кўмак йўлининг тўсилгани гуманитар фалокатни муқаррар қилмоқда», – дея бонг уради «Save the Children» халқаро ташкилоти.  

Ташкилотга кўра, 16 йилдан буён қамал шароитида яшаётган Ғазо минтақасида сифатли тиббий хизмат имкони йўқлиги сабаб оналар ва болалар ўлими шундоқ ҳам кўп кузатилади.

ЮНИСЕФ болалар жонига қасд қилишни тўхтатишга чақирди. Фото: AP

Исроил давлати ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан 2,3 миллион аҳоли яшаётган Ғазони сув, озиқ-овқат, электр энергия ва дори-дармондан маҳрум қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, авиаҳужумлар оқибатида Ғазодаги 26 та шифохона ва тиббий муассаса жиддий талафот кўрган. Ҳудуддаги шифохона ва ўликхоналарда бўш жой қолмаган. Шифокорлар операцияларни беморга наркоз бермай ўтказишга мажбур бўлмоқда. Музқаймоқ етказувчи машиналар эса жасадларни ташимоқда.

БМТ Ғазодаги 50 мингга яқин ҳомиладор аёллар ва уларнинг туғилажак чақалоқлари жони ҳам қил устида турганидан хавотирда.

Халқаро ташкилотларга кўра, Фаластиннинг Исроил ишғоли остидаги бошқа ҳудуди – Ғарбий соҳилда тез-тез уюштиралётган авиаҳужумларда ҳам тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлмоқда.


×