Дарахт кесиш бўйича «пешқадам» вилоятлар аниқланди

Дарахт кесиш бўйича «пешқадам» вилоятлар аниқланди

Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг   давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир масала юзасидан ахбороти эшитилди.

Унда мораторий даврида 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар томонидан 166 минг туп атрофида қимматбаҳо навли давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўраб қилган мурожаатлар рад этилиб, дарахтларнинг барчаси сақлаб қолингани айтилди.

Бироқ дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ тизимли муаммолар сақланиб қолган.

Қайд этилишича, ҳукуматнинг 2018 йил 31 мартдаги 255-сонли қарори билан ҳудудий экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга оид ўз хулосаларини туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига юбориши ва ўз навбатида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан рухсатнома бериш амалиёти жорий этилган.

Айнан ушбу амалиёт ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишига рухсат беришга шарт-шароит яратиб бермоқда.

2021 йилнинг 6 ойи давомида республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 597 та ҳуқуқбузарлик содир этилган ва ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўм зарар етказилган. Ачинарлиси, аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида 2 407 та қимматбаҳо навли дарахт, 2 109 та кам қимматли дарахт, 1744 м3 буталар ноқонуний кесилган.

Мисол учун 2021 йилнинг бошидан дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ва шикастлантирилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда энг кўп Қорақалпоғистон Республикаси 1 065 та, Самарқанд 609 та, Қашқадарё 534 та, Навоий 349 та, Тошкент 344та вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

×