Бекободдаги боғчада оммавий заҳарланишга нима сабаб бўлгани айтилди

Бекободдаги боғчада оммавий заҳарланишга нима сабаб бўлгани айтилди

Бир неча кун муқаддам Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан Тошкент вилояти Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ҳолсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, қоринда оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиш белгилари билан 15 нафар боғча ёшидаги болалар олиб келингани хабар қилинган эди.

Мактабгача таълим вазирлиги Бекободдаги 15-сонли МТТдаги озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатини чуқур ўрганиб чиқди ва айни вақтдаги ҳолат ҳақида хабар бериб ўтди.

Жорий йилнинг 27 сентябр куни Бекобод шаҳар тиббий бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 19 нафар бола «ўткир диарея, гастроэнтерит» дастлабки ташҳиси билан келтирилди.Оғир ҳолатлар қайд этилмаган, 3 боланинг ҳолати ўрта оғирликда, 15 нафари қониқарли ва бир бола уйга жўнатилган. Даволашдан сўнг, болаларнинг барчасида тузалиш томон ижобий динамика кузатилмоқда.

Ушбу маълумот етиб келган заҳоти, Бекободга мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи дарҳол жўнатилган.

Заҳарланиш сабабини аниқлаш мақсадида сув,озиқ-овқат, ошхона жиҳозлари, ходимлар қўли ва кийимларидан суртмалар, овқатнинг суткалик намунаси, шунингдек касалхонага ётказилган болалардан анализлар олинган. Барча материаллар Давлат санитария-эпидемиология марказига юборилган.

Ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди:

• МТТ янги маиший музлатгичлар билан жихозланган ва улар ишчи ҳолатида;

• ходимлар тиббий кўрикдан ўтганлар ва санитар китобчасига эгалар;

• МТТ сув таъминотида узилишлар бўлиб туради. «Аристон» сув иситгичи ишчи ҳолатида эмас;

• дезинфекция ва ювиш воситаларининг заҳираси мавжуд бўлишига қарамай ходимлар уларни ишлатмайдилар;

• гуруҳларда эмалланган идиш-товоқ етарли эмас;

• гуруҳларга ичимлик суви қўйилмаган;

• 27- сентябрь кун таомномасига бир-бирига мос келмайдиган таомлар киритилган(бодринг ва кисель, қуюлтирилган сут ва олма);

Ўтказилган текширув жараёни овқат тайёрлаш блоки ҳамда гуруҳларда санитария қоидаларига риоя қилинмаганини кўрсатди.

МТТ фаолияти ва эпидемиологик текширув натижалари асосида раҳбар, ҳамшира ва озиқ-овқат блоки масъул ҳодимларига нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлганмаъмурий чоралар кўрилиши мумкин.

Айни вақтда Бекободнинг 15-сонли МТТ фаолияти вақтинча тўхтатилган, ташкилотда ювиш ва дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда.

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

×