Ўзбекистонда 4 минг тоннадан зиёд сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди

Ўзбекистонда 4 минг тоннадан зиёд сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди

Ўзбекистон бўйлаб катта миқдорда талабга жавоб бермайдиган бензин сотилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати хабар берди. 

Жорий йилда келиб тушган мурожаатлар асосида “Ўзэнергоинспекция” ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишларга асосан Кучлик нефть базаси (73,2 тонна), Навоий нефть базаси ( 38,7 тонна), Урганч нефть базаси (2,072 минг тонна) ва Бухоро нефть базаси (1,86 минг тонна) МЧЖларида сақланаётган автобензин сифати давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Бу ҳудудлардаги нефть баъзаларида автобензин таркибидаги қатрон (смола) ва олтингугурт (сера) миқдори белгиланган меъёрдан юқори ҳамда бир ҳолатда (“Навоий нефть базаси” МЧЖ) октан сони меъёридан пастлиги аниқланган. Жами аниқланган сифатсиз маҳсулотлар миқдори 4,044 минг тоннани ташкил этган.

Шунингдек, хабарда айтилишича, Кучлик (73,2 тонна) ва Навоий (38,7 тонна) нефть базаларида аниқланган сифатсиз нефть маҳсулотлари тегишли нормалар асосида ўрнатилган тартибда тикланиб, истеъмолчиларга сифатли тарзда етказиб берилган. Шундан сўнг нефть маҳсулотларининг сифати бўйича истеъмолчилардан эътирозлар бўлмаган.

“Урганч нефть базаси” МЧЖ ва унинг Шовот ҳамда Хонқа филиалларида (2,072 минг тонна) аниқланган сифатсиз автобензиннинг 587,0 тоннаси ҳамда “Бухоро нефть базаси” МЧЖ ва унинг Қоракўл филиалида (1,86 минг тонна) аниқланган сифатсиз нефть маҳсулотларининг 323 тоннасини “Ўзэнергоинспекция”нинг мажбурий кўрсатмасига асосан, ўрнатилган тартибда сифати тикланиб, истеъмолчиларга етказиб берилган. Ушбу маҳсулот бўйича ҳам истеъмолчилардан эътирозлар келиб тушмаган. Ҳозирги кунда 1,485 минг тонна автобензинининг сифатини тиклаш ишлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда 1,537 минг тонна автобензиннинг сифатини тиклаш ишлари давом эттирилмоқда. Нефть маҳсулотлари сифатининг бузилишига йўл қўйган 4 нафар раҳбар ва 4 нафар ходим фаолиятига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.


Теглар:
×