Жорий йилнинг 14 август куни Хитой ва Мўғулистонда дунёдаги энг даҳшатли касалликлардан бири бўлган ўлат аниқланди. Хўш, ўзи бу касаллик нима ва қандай йўллар билан юқади? Касалликнинг Ўзбекистонга кириб келиш хавфи қай даражада? Мазкур саволларга Санитария-эпидемиология қўмитаси жавоб берди.
Мутахассисларнинг фикрича, ўлат – табиий ўчоқли зооноз касалликлар гуруҳига мансуб инфекция бўлиб, ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Ўлат одатда табиий ўчоқдаги касаллик микробини юқтириб олган кемирувчилар орасида тарқалади. Касал кемирувчидан ўлат микроби соғлом кемирувчига бургалар ва каналар чақиши орқали юқади. Касалликни ёввойи ҳайвонлар орасида кенг тарқалиши эпизоотия жараёни деб аталади.
Эпизоотия кечаётган ҳудудларда мунтазам яшайдиган маҳаллий аҳоли ёки мавсумий ишлайдиган одамларга касаллик бурга ва каналар чақиши орқали юқади. Бунда асосан ўлатнинг бубонли шакли (бубон – ўлат микроби зарарлаган ва шишган лимфа тугуни) кузатилади. Бубон шаклидаги ўлат ҳозирда 95-98 фоизни ташкил қилади. Касаллик вақтида аниқланиб, замонавий даволаш чоралари ўз вақтида ўтказилганда, деярли барча ҳолларда касалланганлар тузалиб кетади. Бутун инсоният тарихида юз берган учта ўлат пандемияси юзлаб миллион одамлар ҳаётига зомин бўлган.
Агар ўлат микроби ҳаво орқали юқса ўпка шакли, оғиздан юқса ошқозон-ичак шаклида кечади. Шаклидан қатъий назар вақтида даволанмаган беморларда микробни қонда кўпайиши орқали сепсис шаклида оғир кечиб ўлимга сабаб бўлади.
Касаллик оғир интоксикация синдроми, иситма, терининг, лимфа тугунларининг, ўпканинг шикастланиши, септик ҳолат билан тавсифланади. Ўзбекистонда мавжуд табиий ўчоқларда эпиоотияларни вақтида аниқлаб уларни эпидемияга айланиб кетмаслигини олдини олиш билан мунтазам тизимли равишда шуғулланадиган ўлатга қарши тизим муассасалари мавжуд бўлиб, улар ўчоқлар фаоллашган пайтларда керакли профилактик тадбирлар олиб борилади.
“Касалликни ҳаво йўллари ва қуруқликдаги йўллар орқали чет эллардан кириб келишини олдини олиш мақсадида 50 дан ортиқ чегара кесиб ўтиш жойларида кечаю кундуз фаолиятдаги санитария-карантин пунктлари ташкил этилган. Юқоридагиларни ҳисобга олиб бизда ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ”, дейилади қўмита томонидан берилган маълумотда.
Тасодифий хабарлар
Ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон фуқароларини огоҳликка чақирди
Huawei эгилувчан смартфонлар пойгасида етакчиликни қўлга киритмоқчи
10 август куни Наманган вилоятининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида вақтинчалик узилиш бўлади
Диққат “омикрон”нинг янги мутацияси кенг тарқаляпти! Ўзбекистон ССВ огоҳлантирмоқда
Энг кучли Android смартфонлар ўнлиги рейтинги янгиланди