Украина ўз ҳудудларини ҳеч кимга бермайди, балки вазиятни дипломатик ва тинч йўл билан ҳал қилишга содиқ қолади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ҳалққа мурожаатида айтди.
“Биз тинч ва дипломатик йўлга содиқмиз ва фақат шу йўлдан борамиз. Биз ўз еримиздамиз. Биз ҳеч нарсадан ва ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Бизнинг ҳеч кимдан қарзимиз йўқ. Ҳеч кимга ҳеч нарса бермаймиз. Бунга ишончимиз комил. Ҳозир 2014 йил февраль эмас, 2022 йил февраль — бошқа давлат, бошқа армия. Бир мақсад — Украинада тинчлик. Украинага шон-шараф!” деган у Россиянинг Донецк ва Луганск халқ республикалари суверенитетини тан олиш қарорини изоҳлар экан.
Давлат раҳбари, шунингдек, Украина чегаралари ишончли ҳимояланганига ишонтирган.
“Биз сиёсий-дипломатик ечим йўлига содиқмиз, ҳеч қандай иғвогарликка йўл қўймаймиз, чегараларимиз ишончли ҳимояланган, ҳудудий мудофаа тизими яратилган, ҳамкорларимиз бизни қўллаб-қувватламоқда”, деган Зеленский.
У ҳозир тартибсиз ҳаракатлар учун ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини таъкидлаган.
“Агар биз вазият ўзгарганини ва хавф-хатар кучайганини кўрсак, у ҳолда сизлар [украиналиклар] бу ҳақда албатта билиб оласизлар”, дея хулоса қилган у.
Зеленский украиналикларга мурожаати бошида тарихдан узоқ маърузалар ўқишга вақти йўқлигини айтган.
“Биз ўтмиш ҳақида гапирмаймиз, балки воқеликлар ҳақида гаплашамиз. Украина халқаро тан олинган чегаралар доирасида менинг ортимда ва Россия Федерациясининг ҳар қандай ҳаракатлари ёки баёнотларига қарамай, шундай бўлиб қолаверади”, деган у.
ДХР ва ЛХРнинг Россия томонидан тан олиниши
Зеленский ДХР ва ЛХР суверенитетини тан олган Россиянинг ҳаракатларини ўз мамлакатининг ҳудудий яхлитлигини бузиш деб атаган.
“Украина Россия Федерациясининг сўнгги ҳаракатларини сўзсиз давлатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузиш сифатида баҳолайди. Бу ҳаракатлар билан боғлиқ оқибатлар учун барча жавобгарлик Россия сиёсий раҳбариятига юкланади. Донецк ва Луганск вилоятларининг босиб олинган ҳудудлари мустақиллигини тан олиш Россиянинг Минск келишувларидан бир томонлама чиқиб кетиши ва Нормандия [Норманд формати] доирасидаги қарорларни эътиборсиз қолдириши мумкин”, деган Зеленский.
Унинг фикрича, бу тинчлик саъй-ҳаракатларига путур етказади ва мавжуд музокара форматларини йўқ қилади.
“Биз ҳам хотиржаммиз, ҳам ўзимизга ишонамиз. Сиз украинлар ақлли ва донишманд халқ эканини, ҳеч нарсага қарамай, совуққонликни сақлайдиган, босиқлик билан, мувозанатли, катталарча муносабат билдирадиган халқ эканлигини яна бир бор исботлайсиз. Биз узоқ вақтдан бери ҳамма нарсага тайёрмиз. Лекин уйқусиз тунингиз учун ҳеч қандай сабаб йўқ”, деб ишонтирган Зеленский халқини.
Маълумот ўрнида, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонни имзолаш маросимида ЛХР ва ДХР раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Тасодифий хабарлар
ССВ чиройли қоматга интилиб, инфаркт ва инсульт орттириб олаётган ёшларни огоҳлантирди
“Балиқ овлаш баҳона дарё бўйида тўпланманг” – имом-хатибнинг эркакларга мурожаати
«Straus House» раҳбари Иброҳим Исроилов қамоққа олинди
Россия Ўзбекистонга қандай қуроллар етказиб бериши маълум бўлди
Жанубий Корея ҳам Telegram’га қарши даъво қилмоқда