Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг давлат тили тўғрисидаги қонунга нисбатан билдирган эътирозига жавоб қайтарди.
«Сергей Лавров қонунни тўлиқ ўқиб чиқмаган чоғи. Унда рус тилини камситиш ҳақида бирор жумла гап йўқ. Аксинча, рус тили расмий лисон сифатида қўлланиши қайд этилган. Бу норма Конституцияда ҳам мавжуд бўлиб, келгусида ҳам сақланиб қолади”, – дейди Қирғизистон раҳбари.
С.Жапаровга кўра, халқаро миқёсдаги музокараларда ҳам рус тилининг аҳамияти ҳамон катта.
«Биз бошқа жиҳатга урғу бермоқдамиз: ўз тилимизни тўлақонли ривожлантирайлик. Давлат хизматчилари, депутатлар ярим рус, ярим қирғизча чиқишлар қилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Ҳеч ким тоза рус ёки соф қирғиз тилида гапирмаяпти. Аралаш-қуралаш лаҳжа! Шунга кўра биз ҳар икки тилни муносиб даражада билиш керак деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, инглиз, француз, хитой ва бошқа хорижий тилларни ҳам ўрганиш керак. Қанча кўп тил билсангиз, шунча соз», – дейди С.Жапаров.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил май ойида Қирғизистон парламенти давлат тилига доир конституциявий қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди.
Унга кўра, қирғиз тилини ўрта (B1) даражада билмайдиган фуқаролар давлат ва маҳаллий бошқарув тизимида ишлаши мумкин эмас. Телерадиокомпаниялар ўз ижодий маҳсулотларининг ярмидан кўпини қирғиз тилида тайёрлаши керак. Веб-сайтларнинг қирғиз тилидаги версиясида бошқа тиллардаги версиялардан кам ахборот жойлаштирилиши ҳам мумкин эмас.
Конституциявий ҳужжат 17 июль куни президент Садир Жапаров томонидан имзоланиши ортидан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров унга эътироз билдирди. Марказий Осиёда давлат тили қонунчилигига эътибор кучаяётганидан норозилигини яширмаган Россия бош дипломати Қирғизистонда қабул қилинган ҳужжатни демократияга зид деб ёзғирган.
Кузатувчилар Кремль вакилининг ушбу баёнотини суверен мақомдаги давлат ички ишларига аралашув дея баҳолаган.
Тасодифий хабарлар
Тошкентда бир нечта ҳайдовчини ўлдириб, жасадларни сувга ташлаб юборган қотил Россияда ушланди
Ўзбекистонда пандемия бошидан бери коронавирусга чалинганлар 150 000 дан ошди
Қозоғистонда 18 майдан масжид, кафе ва меҳмонхоналар фаолиятини тиклайди
«Ўзавтосаноат» фақат электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтади
“Толибон” расмий Тошкент билан “Аср лойиҳаси” режасини ҳал қилишга уриняпти – ОАВ