Эрдўған бир ҳафтада Путинга қарши учта иш қилди

Эрдўған бир ҳафтада Путинга қарши учта иш қилди

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған сўнгги ҳафтада Россия манфаатларига қарши учта қарорни қабул қилди. Бу орқали у мамлакатнинг узоқ кутилган орзуси – Европа Иттифоқига киришига яқинлашди. Бу ҳақда ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов шахсий Telegram-блогида ёзди.

Раббимовнинг фикрича, яқинда учинчи муддатга сайланган Эрдўған Швеция воситасида АҚШ ва Европа Иттифоқи билан савдолашмоқда. Сўнгги янгиликларга кўра, НАТО Швеция учун тезлаштирилган тартибда альянсга аъзо бўлиш имконини беради. Бунинг учун охирги тўсиқ Туркия бўлиб турган эди. Боиси, ушбу мамлакат террорчи ташкилот сифатида рўйхатга олган гуруҳлар Швециядан паноҳ топгани даъво қилинарди. Шунингдек, Швецияда Қуръон ва Туркия байроғининг ёқилиши ҳамда Ражаб Тойиб Эрдўған шахсининг таҳқирланиши билан боғлиқ бир қанча чиқишлар унинг НАТОга аъзо бўлиш жараёни бошланмасдан аввал тўхтаб қолганига сабаб сифатида кўриларди. Эндиликда Туркия Швециянинг альянсга қўшилиши бўйича қарорни мамлакат парламентига киритиши кутилмоқда. НАТОнинг яна бир давлат ҳисобига кенгайиши энг кўп Россия манфаатларига зидлигини ҳисобга олсак, “икки стулда ўтириш” санъатини юқори даражада ўзлаштирган Эрдўған уни яқин ҳамкори ва дўсти сифатида кўрувчи Путин билан қалтис сиёсий ўйин бошлаганини кўриш мумкин. Бу ҳақда Камолиддин Раббимов шундай дейди:

“Эрдўған шу ҳафтанинг ичида Россия манфаатларига қарши бўлган учта катта иш қилди. Биринчиси – Туркиядаги “Азов” аскарларини Украинага қайтарди. Келишувга кўра, бу аскарлар уруш тугагунча Туркияда қолиши керак эди. Иккинчи – Украинанинг НАТОга киришга “шак-шубҳасиз, ҳаққи бор” деб, Киевни қўллади. Ва ниҳоят, Швецияга қарши ветони олиб ташлаб, НАТОга киришига йўл очди”.

Дарҳақиқат, Туркия раҳбари сўнгги ҳафтада Россияни “хафа қилувчи” қарорларни қабул қилди. Бу билан у Туркияда май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан олдин Ғарбда мавжуд бўлган “у қайта сайланса нима бўлади?”, деган шубҳани йўққа чиқарди, гўё. Чунки, Эрдўған учинчи муддатга сайланишидан аввал Украина урушида ҳеч қачон бирор тарафни очиқчасига қўлламади. У бир томондан Россияга қарши санкцияларга қўшилмаган бўлса, бошқа томондан Украинага ҳарий қуроллар, жумладан “Bayraktar” дронлари, гуманитар ёрдам юкларини юборишни ҳам давом эттирди. Шунингдек, Россиянинг ён қўшниси Финляндиянинг НАТОга қўшилишига қаршилик қилмади.

Энди эса Швециянинг НАТОга қўшилишини қўллаш орқали коллектив Ғарб билан олди-берди қилмоқда. Бу қарор ортидан АҚШ Швециянинг НАТОга қўшилиш ташаббуси Туркия томонидан қўллланганини олқишлаб, у узоқ вақт давомида сўраб келган F-16 қирувчи самолётларини беришга рози бўлиш арафасида турибди. Шунингдек, Туркиянинг азалий мақсади – Европа Иттифоқига кириш масаласи ҳам икки томоннинг ўзаро “савдо”сида кўтарилган бўлиши мумкин.

Раббимов ҳам яқин орада Иттифоқ ва Туркия ўртасида музокаралар бошланиб қолишига умид билдирмоқда.

“Ҳадемай, Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги музокаралар ҳам бошланиб кетса керак. Эрдўған сиёсатни “энг маҳоратли савдолашув” деб кўради. Туркия Европа Иттифоқига кирса, туркий давлатлар учун ҳам манфаатли бўлади деб ўйлайман”, деб ёзган у.

Маълумот учун, Туркия 1987 йилдан буён Европа Иттифоқига аъзо бўлишга уриниб келади. Бироқ, бу бўйича музокаралар 2016 йилда тўхтаб қолганди. Европа Иттифоқи Туркияни қабул қилмаслигига инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва қонун устуворлигининг пастлигини сабаб қилиб кўрсатади. Аммо, таҳлилчиларнинг фикрича, Европа иттифоқи қарийб 90 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилувчи мусулмон давлати бўлган Туркияни Европа цивилизациясининг бир қисми сифатида кўрмайди, ёинки уни “Европа оиаласи”га қўшишдан ҳадиксирайди.

Бу ҳақда ўз вақтида АҚШ Президенти Жимми Картернинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасини бажарган Збигнев Бжезинский 1997 йилда нашрдан чиққан “Буюк шахмат тахтаси” асарида шундай дейди:

“Барқарорликни таъминлаш, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигини мустаҳкамлаш учун Қўшма Штатлар Туркияни “бегоналаштиришдан” эҳтиёт бўлиши ва АҚШ-Эрон муносабатларини яхшилаш имкониятларини ўрганиши керак.
Ўзини Европадан чекланган деб ҳисоблаган ва қўшилишга интилаётган Туркия янада исломий давлатга айланади. НАТОнинг кенгайишига қарамай, вето қўйиши эҳтимоли кўпроқ бўлса, дунёвий Марказий Осиёни барқарорлаштириш ва жаҳон ҳамжамиятига интеграция қилиш йўлида Ғарб билан ҳамкорлик қилиш эҳтимоли камроқ.
Шунга қарамай, Америка Европадаги таъсиридан Туркиянинг Европа Иттифоқига қабул қилинишини вақт ўтиши билан тарғиб қилиш учун фойдаланиши ва Туркиянинг ички сиёсатида исломий йўналишга кескин бурилиш қилмаслик шарти билан Туркияга Европа давлати сифатида қарашга алоҳида эътибор бериш керак.
Осиё келажаги бўйича Анқара билан мунтазам маслаҳатлашувлар мамлакатга АҚШ билан стратегик шерикликни ҳис қилишга ёрдам беради. Америка Туркиянинг Ўрта Ер денгизи соҳилида Каспий денгизи ҳавзасининг энергия манбаларига асосий кириш бўлиб хизмат қилувчи Бакудан Жайҳунгача бўлган нефть қувурини қуришга интилишларини ҳам фаол қўллаб-қувватлаши керак”.

Туркия етакчисининг кейинги қадамларини тахмин қилиш қийин. Аммо Эрдўған томонидан қабул қилинадиган қарорлар халқаро сиёсат, жумладан Марказий Осиё ва туркий дунё учун муҳим бўлиши тайин.

Манба

×