Кўп фуқароларимиз “судланган” деган қора тамғадан йироқроқ юришга ҳаракат қилишади. Дунёда ҳеч бир инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди, балки ана шу салбий иллатни ҳаёти давомида ўзига орттириб олади. Тақдир тақозоси биланми ёки билиб-билмай адашиб жиноят кўчасига кириб қолганлар кейинчалик ўз бўйниларига “судланган” деган тамғани олишга мажбур бўлишади.
Судланганлик ўзи нима? Амалдаги Жиноят кодексига кўра, судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир. Аслида, суд томонидан жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади.
Ҳар қандай хатти-ҳаракат ёки ҳаракатсизликнинг оқибати бўлгани каби, жиноят содир этишнинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқий оқибати мавжуд ва бу ҳам бўлса судланганликдир.
Судланганлик эса шахс манфаатларига таъсир этувчи бир қатор ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлади.
Улар қўйидагилар:
жиноят квалификациясига таъсир этувчи, яъни жиноий жавобгарликни кучайтирувчи ҳолат ҳисобланади;
муайян ҳолларда шахсни “ўта хавфли рецидивист” деб топилишига асос бўлади;
жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади;
илгари содир этилган жинояти учун жазо ўтаётган шахс томонидан янги жиноят содир этилган ҳолларда, ҳукмлар мажмуи бўйича жазо белгилашда судланганлик қаттиқроқ қоидалар қўлланилишига сабаб бўлади;
тугалланмаган ва олиб ташланмаган судланганлик ҳолатининг мавжудлиги айрим асослар бўйича, масалан, жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилишига тўсқинлик қилади.
Қўйидаги ҳолатларда шахс судланмаган ҳисобланади:
жазо тайинланмаган ҳолда айблов ҳукми чиқарилганда;
тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган бўлса;
жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жазодан озод қилинганда;
қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан жазодан озод қилинганда;
айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилинганда;
жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан жазодан озод қилинганда;
жиноят содир этган шахс касаллиги туфайли жазодан озод қилинганда;
амнистия ёки афв этиш асосида жазодан озод қилинганда;
Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.
Кўпчиликка судланганлик ҳолати қачон йўқолиши қизиқ. Шу масалага тўхталадиган бўлсак, демак, жиноят қонуни бўйича шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:
шартли ҳукм қилинганларга нисбатан — суд томонидан шахсга белгиланган синов муддати тугаган кундан бошлаб;
мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;
жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;
озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин — икки йил ўтгач;
беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — тўрт йил ўтгач;
беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — етти йил ўтгач;
ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — ўн йил ўтгач.
Қонунчилигимизда фуқароларимиз билиш лозим бўлган муҳим қоидалар мавжуд. Бу судланганликни муддатидан олдин олиб ташлаш масаласидир.
Жиноят кодексига кўра, агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса:
жамоат бирлашмаси;
фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи;
меҳнат жамоаси;
жазони ўтаб чиққан шахснинг ўзи ёки вакилининг берган илтимосномасига кўра ҳам суд Жиноят кодексида назарда тутилган юқорида қайд этилган муддатларнинг камида ярмини ўтганидан кейин унинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.
Бироқ қонунчилигимизда имтиёз тариқасида иқтисодиёт асосларига қарши айрим жиноятлар учун, хусусан Жиноят кодекснинг 178 — 184, 185 — 1852, 189 — 192-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг судланганлиги улар давлатга жуда кўп зарар етказмаганда (базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор), Кодекснинг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида тўртдан бир қисмини ўтганидан кейин суд томонидан олиб ташланиши мумкинлиги белгиланган.
Бундан ташқари, қонунчилигимизда ўн беш йил ва ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан шахслар ҳамда ўта хавфли рецидивистлар, агар улар жазони ўтаб чиққанидан кейин ўн беш йил мобайнида янги жиноят содир этмасалар, суд уларнинг судланганлигини олиб ташлаши мумкинлиги белгиланган.
Судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисидаги илтимоснома судланганлик ҳолати мавжуд шахс, унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакилининг ёхуд жамоат бирлашмаси ёки жамоа томонидан жазони ўтаб чиққан шахс яшаш жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига берилиши мумкин.
Шунингдек, судланганлик афв этиш ёки амнистия акти асосида ҳам олиб ташланиши мумкин.
Судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки судланганликни олиб ташлаш муддатлари қандай ҳисобланади?
Судланганлик ҳолатининг тугалланиш ёки судланганликни олиб ташлаш муддатлари суд томонидан жазога ҳукм қилинган шахснинг асосий ва қўшимча жазолари ўтаб бўлинган ёки ижро этилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Асосий ва қўшимча жазо ўтаб бўлингач Жиноят кодексининг 78-моддасида белгиланган, яъни судланганлик муддатлари ўтиши билан шахс судланмаган ҳисобланади.
Судланганлик муддатларини ҳисоблашда бир қатор қоидалар мавжуд. Масалан агар шахс тайинланган жазодан қонунда белгиланган тартибда муддатидан илгари озод қилинган ёхуд жазо енгилроғи билан алмаштирилган бўлса, судланганлик муддати муддатидан илгари озод қилинган ёки енгилроғи билан алмаштирилган жазонинг амалда ўтаб бўлинган қисмидан ҳисобланади;
Агар шахсга тайинланган жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосини суд бошқа жазо билан алмаштирган бўлса, судланганлик муддати жазонинг амалда ўтаб бўлинган ёки ижро этилган қисмидан ҳисобланади;
Агар жазони ўтаб чиққан шахс судланганлик ҳолатининг муддати тугамай, яна жиноят содир этса, судланганлик ҳолатини тугатувчи муддатнинг ўтиши тўхтатилади. Илгари содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолатининг тугаш муддати охирги содир этилган жиноят учун жазони амалда ўтаб бўлганидан бошлаб ҳисобланади.
Юқорида тўхталиб ўтилган масалалар юзасидан фуқароларимизга судланганлик бўйича етарли даражада маълумот берган бўлсак ўз мақсадимизга эришган ҳисобланамиз. Зеро, жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидалардан кўзланган асосий мақсад ҳам фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш ҳамда уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат. Шундай экан, барчамиз мамлакатимиз равнақи учун амалдаги қонунларимизда ўрнатилган ҳуқуқ ва эркинликларимиз билишимиз, мажбуриятларимизни бажаришимиз ҳамда уларга амал қилишимиз, зарурат бўлганда эса атрофдагиларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришимиз ҳам қарз ҳам фарздир.
Тасодифий хабарлар
Наманганда Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхаси ўғирлаб кетилди
Саудия Aрабистони муфтийси ҳайит намози бўйича фатво чиқарди
Гўшт 40 000 сўмдан 75 000 сўмгача. Бозорлардаги нарх-наво қандай?
Самарқандлик 61 ёшли фуқаро бензин ташувчи машинани тўхтатиб, катта фожеанинг олдини олди
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати +15 даражагача пасайиши кутилмоқда