Буюк Британия Алишер Усмонов компанияси ва Каримовлар оиласига санкция киритди

Буюк Британия Алишер Усмонов компанияси ва Каримовлар оиласига санкция киритди

Буюк Британия ҳукумати Алишер Усмоновга тегишли USM холдинги ва бир қатор россиялик юқори элита вакилларига санкция киритди. Улар орасида Евтушенковлар, Каримовлар ва Виктор Медведчукнинг рафиқаси ҳам бор. Бу ҳақда Британия ҳукуматининг сайтида янгиланган санкциялар рўйхатида айтилган

Унга кўра, украиналик сиёсатчи Виктор Медведчукнинг рафиқаси Оксана Марченко, шунингдек, россиялик тадбиркор Владимир Евтушенковнинг рафиқаси Наталья Евтушенкова ҳамда унинг фарзандлари Феликс Евтушенков ва Татьяна Евтушенковаларга нисбатан чеклов чоралари қўлланилган.

Бундан ташқари, сенатор Сулаймон Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага нисбатан Буюк Британияга киришни тақиқлаш, траст хизматларини кўрсатиш ҳамда активлари аниқланган тақдирда уларни музлатиш каби чекловлар жорий этилган. Буюк Британия ҳукумати тадбиркор Алишер Усмоновга алоқадор Россиянинг “USM Holdings Limited” компаниясини ҳам қора рўйхатга киритди.

Шунингдек, Сулаймон Каримовга алоқадорлиги айтилаётган Швейцарияда яшовчи россиялик Наримон Гаджиев ва Давлат думаси депутати Андрей Скочнинг қизи Варвара Скочга нисбатан чеклов чоралари қўлланган. Қироллик Усмоновга алоқадор бўлган Британиянинг “Curzon Square Limited” ва “Hanley Limited” компаниялари ҳамда санкцияга учраган тадбиркор Роман Абрамовичга алоқадор бўлган Кипрнинг “Meritservus HC Limited” фирмасини ҳам рўйхатга қўшган.

Маълум қилинишича, Россияга қарши санкциялар рўйхати 11 позицияга кенгайтирилган, бироқ қайд этилган жисмоний ва юридик шахслардан ташқари, иккита кипрлик фуқаролар ҳам бор.

Ҳаммаси бўлиб, Россияга қарши санкциялар рўйхатида 1559 нафар жисмоний ва 184 нафар юридик шахс бор. Уларнинг катта қисми Россиянинг Украинага уруши фонида мазкур қора рўйхатдан жой эгаллаган.


×