Фарҳод Манноповнинг операциясида шифокорлар бир қатор хатоларга йўл қўйгани аниқланди

Фарҳод Манноповнинг операциясида шифокорлар бир қатор хатоларга йўл қўйгани аниқланди

Шу йилнинг 5 март куни вафот этган “Mittivine” тахаллуси билан танилган 27 ёшли блогер Фарҳод Маннопов ўлими юзасидан “Star Med Center” клиникасида ўтказилган текширув натижалари маълум бўлди. Бу бўйича тузилган ҳужжат QALAMPIR.UZ'га етиб келди. 

Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирининг 2023 йил 7 мартдаги 43-сонли буйруғи асосида “OMAD PLYUS” МЧЖда ташкил этилган текширув натижаларига кўра қуйидагилар аниқланди:

Текшириш жараёнида бемор Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги ягона Низомнинг 27- иловасида белгилаб берилган бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилган.

Хусусан, Фарҳод Маннопов операция қилинган “Star Med Center” клиникасида беморга анестизиолог ва реаниматолог сифатида хизмат кўрсатган шифокор Ж.Қ.да малакавий тоифа бўлмаган. Клиника эса бундай шароитда унинг беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйган.

Анестизиолог ва реаниматолог шифокорнинг малакавий тоифасини тасдиқловчи амалдаги ҳужжат тақдим этилмаган.

Тиббий фаолият лицензияси талаб ва шартларига кўра эса тиббий ходимларга нисбатан талаблар белгиланган бўлиб, врач-мутахассисларда тегишли тиббий мутахассислик бўйича олий маълумот ва малакавий тоифа ҳамда белгиланган тартибда олинган малака ошириш бўйича амалдаги сертификат мавжуд бўлиши шарт.

Худди шундай, Фарҳод Манноповнинг пластик жарроҳ шифокори ҳам етарли тажрибага эга эмас бўлиб чиқди.

Гап шундаки, Манноповга операция вақтида пластик жарроҳ шифокори сифатида хизмат кўрсатган шифокор Э.А. Андижон давлат медицина институтининг даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишини 2019 йил 17 июнда тугатган.

Мазкур мутахассиснинг иш стажи беш йил бўлмаганлиги учун ундан даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишида тиббий фаолият юритиши, шунингдек, пластик жарроҳлик бўйича амбулатор шароитда беморларга тиббий хизмат кўрсатиши учун малака тоифасига эга бўлиши талаб этилмаган.

Бироқ у бемор Манноповга тиббий хизмат кўрсатиши учун камида биринчи малакавий тоифага эга бўлиши керак бўлган. 

Лекин “OMAD PLYUS” МЧЖ томонидан Пластик жарроҳ шифокори Э.A.да малакавий тоифаси бўлмаган бир вазиятда беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйилган ва лицензия талаби бузилган. Ушбу холат эса лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, бош ва бурун соҳасидан жиддий жароҳат олган блогерга тиббий хизмат кўрсатган лаборант шифокор Ж.Ш. ҳамда ультратовуш текширувлари шифокори Р.С.нинг ўзлари фаолият юритаётган тиббий ихтисосликлар бўйича малакавий тоифаларини тасдиқловчи амалдаги ҳужжатлар текширувда тақдим этилмаган.

Шу билан бирга, лаборант шифокорнинг белгиланган тартибда олинган малака ошириш бўйича амалдаги сертификати текширувга тақдим этилмаган. Шу боис уларга малакавий тоифа бўлмаган бир вазиятда беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйилгани лицензия талабларини бузиш ҳисобланади.

Қолаверса, стационар беморнинг тиббий картаси, шифокорнинг кундалик қабул журнали, бирламчи тиббий-санитария муассасага келганларни қайд қилиш журнали, ўтказилган наркозларни қайд этиш журнали, компьютер томографияси (КТ) текширувларни қайд этиш журнали, буйраклар ультратовуш ва сийдик қопини текшириш баённомаси, қоннинг умумий таҳлили бланкаси, сийдик таҳлили бланкаси лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган намуналар ва шакллар бўйича юритилмагани маълум бўлди.

Шу билан бирга, “Omad Plyus” МЧЖ (“Star Med Center” клиникаси)да ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин вафот этган бемор Фарҳод Манноповга юритилган 548/300-сонли беморнинг тиббий баённомаси ҳам даволовчи шифокор томонидан тўлиқ тўлдирилмаган. Масалан, тиббий баённоманинг қон гуруҳи, резус мансублиги, дориларнинг ножўя таъсири, касалхонада қўйилган якуний ташхис, даволаш натижалари каби устунлар даволовчи шифокор томонидан тўлдирилмаган. 

Тиббий фаолият лицензияси талаб ва шартларига кўра эса лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган намуналар ва шакллар бўйича бирламчи тиббий ҳужжатларни юритиш лицензиат томонидан тиббий фаолиятни амалга оширишда риоя қилиниши шарт бўлган талаб ҳисобланади. 

Текшириш жараёнида “ВС-5800” туридаги гематология анализаторида бемор Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатилганлиги ва ушбу тиббий техника метрологик меъёрларга мослиги бўйича даврий метрология кўригидан ўтказилмаганлиги аниқланган.

Текширишга эксперт сифатида жалб этилган Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси 2-анестизиология-реанимация бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори З.Газиевнинг хулосасига кўра бемор Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида қуйидаги камчиликларга йўл қўйилган:

Биринчидан, режали жарроҳлик амалиётидан олдин премедикациянинг барча компонентлари қўлланилмаган. Бунда антигистамин, бензодиазепин препаратлари қўлланилиб, бемор эйфория холатида операцияга олиб кирилиши керак бўлган;

Иккинчидан, изокет дори воситаси бошқариладиган сунъий гипотензия чақириш мақсадида қўлланилмайди. Манноповда эса у қўлланган;

Учинчидан, беморга ингаляцион анестезия қўлланилганда, узлуксиз тана ҳарорати ва капнографик мониторинг олиб борилмаган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Фарҳод Маннопов бассейнда олган жароҳатидан кейин боши кучли оғриётганлигини маълум қилган. Бироқ, “Omad Plyus” МЧЖ (“Star Med Center” клиникаси)да жарроҳлик амалиёти ўтказишдан олдин бемор Фарҳод Манноповда тўлиқ бош мия МСКТ текшируви ўтказилмаган.

“OMAD PLYUS” МЧЖ томонидан бемор Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатилишида лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган ва (ёки) халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган профилактика усуллари, диагностика ва даволаш стандартларига тўлиқ риоя этилиши таъминланмаган ва лицензия талаби бузилган. 

Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 48-моддасига асосан, қуйидагича қарор қабул қилган:

1. Бемор Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатган врачлар: анестезиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ, лаборант шифокор ҳамда ультратовуш текширувлар шифокорининг ўзлари фаолият юритаётган тегишли ихтисосликлар бўйича малакавий тоифаларини тасдиқловчи ҳужжатлар 2023 йилнинг 03 апрель санасига қадар “OMAD PLYUS” МЧЖ томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилиши керак.

2. Бемор Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатган лаборант шифокор белгиланган тартибда олинган малака ошириш бўйича амалдаги сертификати 2023 йилнинг 03 апрель санасига қадар “OMAD PLYUS” МЧЖ томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилиши керак.

3. Стационар беморнинг тиббий картаси, шифокорнинг кундалик қабул журнали, бирламчи тиббий-санитария муассасага келганларни қайд қилиш журнали, ўтказилган наркозларни қайд этиш журнали, компьютер томографияси (КТ) текширувларни қайд этиш журнали, буйраклар ва сийдик қопининг ультратовуш текшириш баённомаси, қоннинг умумий таҳлили бланкаси, сийдик таҳлили бланкасини лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган намуналар ва шакллар бўйича юритилаётганини тасдиқловчи ҳужжатлар 2023 йилнинг 03 апрель санасига қадар “OMAD PLYUS” МЧЖ томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилиши керак.

4. “OMAD PLYUS” МЧЖда бирламчи тиббий ҳужжатларнинг барча устунлари шифокорлар томонидан лозим даражада тўлдириб борилиши бош шифокор томонидан назоратга олиниши ва бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигига маълумот тақдим этилиши керак.

5. “OMAD PLYUS” МЧЖда беморларга тиббий хизмат кўрсатишда лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган ва (ёки) халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган профилактика усуллари, диагностика ва даволаш стандартларига риоя қилиниши таъминланиши ва бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигига маълумот тақдим этилиши керак.

6. Бемор Фарход Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда фойдаланилган “ВС-5800” туридаги гематология анализаторини метрологик меъёрларга мослиги бўйича метрология кўригидан ўтказиш таъминланиши ва бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигига маълумот тақдим этилиши керак.


×