Шов-шувларга сабаб бўлган ChatGPT'дан ким миллиардлаб пул ишлашга улгуради?

Шов-шувларга сабаб бўлган ChatGPT'дан ким миллиардлаб пул ишлашга улгуради?

2022 йил охирида “OpenAI” компанияси дунёга ChatGPT кўп функцияли сунъий интеллект чат-ботини тақдим этди. Бот дастурлашни амалга ошириши, таомлар тайёрлаш бўйича маслаҳатлар бериши, иншолар ва ҳаттоки талабалар учун диплом иши ёзиши мумкин. Дастур бутун дунё бўйлаб катта шуҳрат қозонди ва интернет гигантлари сунъий интеллект технологиялари соҳасида ўзларининг устунликларини исботлаш зарурлигини англади.

Бозор иштирокчилари дастурда катта имкониятларни кўрмоқда ва ушбу технологияга фаол сармоя киритишга тайёрлигини билдирди. “Лента. ру” нашри шов-шувларга сабаб бўлган мазкур чат-ботнинг ютуқлари, хатолари ҳамда келажаги ҳақида мақола эълон қилди.

Электрон миялар

Юқорида қайд этилганидек, бот диплом иши каби ишларни ҳам бажаришга қодир. 2022 йил охирида АҚШ, Австралия, Франция ва Ҳиндистондаги баъзи университет ва мактаблар талабалар ўқишларида сунъий интеллект ёрдамидан оммавий равишда фойдалана бошлаганларидан сўнг, талабалар қурилмалари ва маҳаллий браузерларда чатботни блоклаганларини эълон қилди.

АҚШнинг Стенфорд университетида талабаларнинг 17 фоизи имтиҳонларда ёки якуний ишларни ёзишда ChatGPT’дан фойдаланиши тан олинган. Франциянинг Страсбург университетида эса чатботдан фойдаланиш 20 нафар талабани шахсан қайтадан имтиҳон топширишга мажбур қилган.

Ўқитувчилар, талабалар ўз ишларида дастурдан ҳамма жойда фойдаланишидан қўрқишади, бу эса танқидий фикрлаш ва мураккаб муаммоларни ҳал қилиш қобилиятини ривожлантиришга путур етказиши мумкин.

“OpenAI” компанияси 2015 йилда тадбиркорлар –Илон Маск ва Сэм Олтман томонидан ишга туширилган. Улар давлат ёки корпорация эмас, балки жамият манфаати учун ҳаракат қиладиган очиқ компания яратмоқчи бўлган.

Турли тадбиркорлар ва венчур капитал фондлари таъсисчилари “OpenAI”га сармоя киритган, жумладан Microsoft 2019 ва 2021 йилларда дастурга миллиардлаб доллар сармоя киритган.

ChatGPT эгаси 2024 йилга келиб 1 миллиард доллар ишлаб топиши мумкин

2023 йил январига келиб ChatGPT юклаб олишлар сони бўйича энг тез ўсаётган илова сифатида жаҳон рекордини ўрнатди. Шундан сўнг, Microsoft 10 миллиард долларга баҳоланган яна бир йирик сармояни эълон қилди.

Дастурга қизиқишнинг ортиши корпорация капиталлашувини кескин оширди. Жорий йилнинг февралида капиталлашув икки триллион долларга етди ва Microsoft Apple’дан кейин дунёдаги энг қиммат компанияга айланди.

“OpenAI”компанияси 2023 йилда 200 миллион доллар даромад олишни, 2024 йилда эса бу даромад 1 миллиард долларга етишини кутмоқда.

ChatGPT суҳбат матнини яратиши, турли тилларда ҳазил қилиши ёки файласуф сифатида суратга тушиши мумкин. Чатбот фойдаланувчиларга маслаҳат беради, қийин саволларга жавоб беради ва турли муаммоларни ҳал қилади.

Дастур ишга туширилгандан бир неча кун ўтгач, миллиондан ортиқ одам уни синаб кўрган. Баъзилар ботдан олти ёшли болага Санта Клаус йўқлигини қандай тушунтиришни, яна баъзилар эса севимли церийалар ва бош оғриғини қандай тўхтатишни сўраган.

Бундан ташқари, ChatGPT дастурчиларга код ёзиш, шеърлар, иншолар ва мақолалар ёзишда ёрдам бериши мумкин.

Шунингдек, дастур соғлиқни сақлаш шароитида фойдаланиш имкониятларини беради. Масалан, АҚШнинг AnsibleHealth клиникасида ChatGPT аллақачон шифокорлар томонидан тузилган ҳисоботларни беморларга тушунарли бўлиши учун соддалаштириш учун қўлланилмоқда.

Ҳар тўкисда бир айб бор

Бироқ бот фойдаланувчилари ChatGPT'да ҳам хато ва камчиликлар борлигини пайқашган. Масалан, дастур ишқибозларидан бири ботдан “Аватар 2” фильмини қаерда кўриш мумкинлигини сўраган ва унга бот фильм ҳали чиқарилмагани ҳамда кино 2023 йилда кассада пайдо бўлишини айтган.

Шунингдек, сунъий интеллект интернетда топилган материалларни қандай тушуниши ноаниқлигича қолмоқда. Фойдаланувчилар бот ҳақиқат ва ноаниқ маълумотлар ўртасидаги фарқни тушунишига ишончлари комил эмаслигини билдирган.

Орқага қайтиш йўқ – Билл Гейтс

Соҳа мутахассислари Meta ва Amazon каби глобал технология гигантлари томонидан ChatGPT'га ўхшаш дастурларни яратиш матнлар, мусиқа ва видеоларни яратувчи бир қатор мутахассисларнинг ишига таҳдид солиши мумкинлигидан қўрқади.

ChatGPT кичик ва йирик компанияларда турли лавозимлар учун интервьюларни муваффақиятли топширишга қодир экани ҳақидаги хабар эса ҳайратни кучайтирди.

Сунъий интеллектнинг ривожланиши оқибатида дастурчилар, маълумотлар таҳлилчилари, молиявий маслаҳатчилар, адвокатлар, маркетологлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларига бўлган талаб камайиб бориши кутилмоқда.

Рочестер технология институти ходими Пенгченг Шининг фикрича, ChatGPT ҳозирги версиясида ҳам баъзи камчиликларга эга бўлишига қарамай, ўқитувчилар ўрнини эгаллаши мумкин.

Бозор иштирокчилари ChatGPT технологияси дунёни ўзгартиришига ишончлари комил. Microsoft асосчиси Билл Гейтс ушбу чатботнинг яратилишини интернет ихтироси каби уни ҳам муҳим деб билишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ChatGPT ўзи нима экани, яратилиш тарихи ва имкониятларида ҳақида мақола эълон қилган эдик.


×