"Ўзавтосаноат" раиси Шавкат Умурзоқов Асака шаҳридаги заводда Chevrolet Onix автомобилининг тақдимоти давомида UzAuto Motors томонидан харид қилинган машиналарни етказиб бериш билан боғлиқ муаммога тўхталиб ўтди.
У қўшимча пул тўлаб, автомобилни навбатсиз олиш имкони яратилиши, яъни халқ орасидаги «шапка»ни қонунийлаштириш мумкинлиги борасидаги саволга жавоб қайтарган.
«Мен бу таклифга қаршиман, нотўғри нарса. Бекорга ишлаб чиқаришда 500 минг билан чегараланмаймиз демадим. Автомашиналар навбати бутун дунёда бор. Мен бу билан уни тўғри ҳам демоқчимасман. Лекин бу нарса [автомобиль етказиб бериш муддатини камайтириш]ни фақат машина кўп ишлаб чиқариш билан енгамиз. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машинани тезроқ олиш учун кўпроқ пул тўланг, десак, нотўғри бўлади», — деди «Ўзавтосаноат» раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, компания олдида жуда кўп ташқи ва ички муаммолар турибди. Умурзоқов бунга мисол сифатида 2018 йилда бир контейнер нархи 5 минг доллар бўлгани, ҳозир 15 минг долларгача ошганини келтирди. «Машинамизни қимматлашяпти деймиз, лекин долларга чақсак, шу кунгача арзонлашди. Шунча солиқ тўлаяпмиз, лойиҳаларнинг бир сўмини ҳам давлатдан олмаяпмиз, ўзимизнинг даромадимиз ёки ривожланишимизни кўриб, пулларни ташқи молиявий институтлар беряпти», — деди Шавкат Умурзоқов.
«Андижоннинг ўзида бу йил 250−300 млн долларлик тўртта янги завод қурадиган бўлдик. Бу нима беради? Тасаввур қилинг, 2016 йил 80 минг машина чиққан, 2017 йил 120 минг чиққан. Бугун 330 минг чиқаряпмиз. Бу йил 400 мингдан ошиқ чиқарамиз. Навбат йўқ бўлади, ишонинг, фақат озгина сабр [қилинг]», — деди «Ўзавтосаноат» раиси.
Тасодифий хабарлар
Бир ойда 63 миллион маротаба юклаб олинган илова эълон қилинди
Наманганда Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг мансабдор шахсларига жиноий иш очилди
Жаҳон банки билан қўшма лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда (Фото)
1 июндан нималар ўзгаради?
АҚШнинг Россия билан муносабатлардаги асосий хатоси айтилди