Тожикистон билан чегарада 4000 га яқин ИШИД жангарилари тўпланган – КХШТ

Тожикистон билан чегарада 4000 га яқин ИШИД жангарилари тўпланган – КХШТ

ИШИДнинг афғон бўлими сони 6,5 минг жангаригача кўпайди, уларнинг 4 минг нафари Тожикистон билан чегарада тўпланган. Бу ҳақда бугун, 14 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бирлашган штаб бошлиғи, генерал-полковник Анатолий Сидоров маълум қилди. 

“Айни пайтда ИШИДнинг афғон бўлими бўлмиш “Хуросон вилояти” жангарилари сони сезиларли даражада ошди ва 6,5 мингга яқин кишини ташкил этади, улардан 4 минг нафари Тожикистоннинг жанубий чегараларида, Бадахшон, Қундуз ва Тахар вилоятларида тўпланган”, дейди Сидоров. 

Унга кўра, Марказий Осиё минтақасида барқарорликка асосий таҳдид Афғонистонда илдиз отган кўплаб экстремистик гуруҳлардан келиб чиқади. ИШИД ва “Ал-Қоида” энг катта хавф туғдиради. 

“Бундан ташқари, минтақадаги вазиятнинг беқарорлашишига “Толибон” раҳбариятининг миллий ва диний озчиликларни зулм қилиш сиёсати, бирдамликнинг йўқлиги ва “Толибон” ичида қарама-қаршиликларнинг кучайиши, иқтисодий вазиятнинг таназзулга учраши ва гуманитар муаммоларнинг кескинлашуви ёрдам бермоқда”, дейди у. 

Сидоров, шунингдек, назоратсиз наркотрафик ва қуролларнинг ноқонуний тарқатилиши юқоридаги омиллар билан биргаликда Афғонистоннинг фуқаролар урушига қайтиш эҳтимолини оширишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 февраль куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Афғонистон муаммосига бағишланган хавфсизлик вакилларининг бешинчи кўп томонлама йиғилиши иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Афғонистондаги вазиятдан минтақавий бўлмаган давлатлар у ерда халқаро терроризмга қарши кураш ниқоби остида яратмоқчи бўлган инфратузилмасини кенгайтириш ёки қуриш учун фойдаланишга уринишлардан хавотир билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, Америка Қуролли кучлари Афғонистондан қочиб кетганидан сўнг, афсуски, бу давлатдаги вазият яхшиланмаяпти. Халқаро террорчилик ташкилотлари, жумладан, ўз салоҳиятини ошираётган “Ал-Қоида” фаоллашиб бормоқда


Теглар:
×