Эрон Яқин Шарқда урушни кенгайтириш билан таҳдид қилмоқда

Эрон Яқин Шарқда урушни кенгайтириш билан таҳдид қилмоқда

Теҳрон АҚШ Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий можарога кирганидан кейин яна бир бор таҳдид қилди. Эрон Қуролли кучлари матбуот котиби Иброҳим Золфағарий бугун, 23 июнь куни Эрон давлат телевидениеси орқали баёнот берди.

“Ислом жангчилари кучли ва мақсадли амалиётлар орқали сиз учун жиддий, олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади”, деди .

Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг ҳарбий можарога кириши Эрон армияси учун “қонуний нишонлар доирасини кенгайтиради” ва “минтақадаги урушнинг кенгайишига йўл очади”.

Шу куни Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Эрондан янги ракета ҳужумлари ҳақида хабар берди. 

“Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари таҳдидни қайтармоқда”, дейилади баёнотда.

Ракета таҳдиди Исроил шимолидаги бир қанча ҳудудларда, кейин эса мамлакатнинг марказий қисмида, жумладан Тель-Авив ва Қуддусда эълон қилинди. AFP мухбирининг хабар беришича, Қуддусда бир неча портлаш овозлари эшитилган. Исроил матбуоти Эрон 15 га яқин ракета учиргани ҳақида ёзмоқда.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига яқин бўлган “Tasnim” ахборот агентлиги Исроилга учувчисиз самолётлардан икки марта ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берди.

Исроил, ўз навбатида, Эронга яна зарба берди. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ғарбидаги Кирмоншоҳдаги ҳарбий инфратузилмага ҳужум қилди. ЦАХАЛга кўра, зарбалар нишони 15 та қирувчи самолёт, учириш майдончалари ва “ер-ер” ракеталарини сақлаш жойлари бўлган.

Бундан ташқари, Исроил армияси Эрондаги олтита аэродромга ҳужум қилди, учиш-қўниш йўлакларини вайрон қилди, 15 та ҳарбий самолёт ва вертолётни йўқ қилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнга ўтар кечаси АҚШ Исроил ва Эрон ўртасидаги 13 июнда бошланган ҳарбий можарога кирди. АҚШ армияси Эрон ядровий дастурининг учта объектига зарба берди.


×