Instagram’га янги функция қўшилди

Instagram’га янги функция қўшилди

Instagram’да постларни бошқа фойдаланувчиларга тавсия этиш ёки этмаслик тўғрисида янги функция ишлаб чиқилди. Бу ҳақда BBC хабар берди. 

Илгари Instagram фойдаланувчиларининг постлари баъзи қонун-қоидаларнинг бузилгани сабабли бошқа фойдаланувчиларга кўринмай қолар эди. “Shadow banning” (“сояни тақиқлаш”) деб аталувчи бу ҳолат эса фойдаланувчиларнинг ўзига маълум қилинмасди. Яъни мободо сиз юклаган фото ёки видео қандайдир сабабларга кўра тақиқлаб қўйилса, бу ҳақда ўзингиз бехабар қолар эдингиз. 

Янги қоидага кўра эса, агар фойдаланувчи бирор ножўя контент тарқатмоқчи бўлса, унинг постлари блокланади ва бу ҳақда унга хабар берилади. Шундан сўнг, фойдаланувчи постини ўчириб ташлаши, таҳрир қилиши ёки англашилмовчилик бўлган бўлса Instagram’га апелляция юбориши мумкин бўлади. 

Instagram раҳбари Адам Моссери бу қарор “шаффофлик”ни таъминлашини айтган.

“Баъзида сизнинг сурат ва видеоларингиз тавсияларимизда кўрсатилмайдиган ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Агар сиз бизнинг кўрсатмаларимизни бузадиган нарсаларни жойлаштирган бўлсангиз, контентингиз тавсия этилмайдиган ҳолатга тушиб қолади”, деб тушунтиради Моссери.

Қайд этилишича, янги қоида йирик технология компанияларига зарарли контентнинг тарқалишини олдини олиш, дезинформацияни чеклаш имконини беради. Шунингдек, контент яратувчилари ҳам қандай хато қилаётганини англаб, постларини тузатиши мумкин бўлади. 

Маълумот учун, Instagram фойдаланувчилари қуйидаги кетма-кетликда ўз аккаунтининг статусини текшириши ва ўз постлари тақиқланган ёки тақиқланмаганини билиши мумкин. Бунинг учун Instagram иловасидан шахсий профилга ўтилади. У ердан менюга ва ундан аккaунтга кирилади. У ердан аккaунт статуси бўлимига ўтилади. Шу ердан постларингиз тақиқланган ёки йўқлигини билишингиз, агар бу хатолик бўлса, Instagram’га хабар беришингиз мумкин бўлади.


Теглар:
×