Eр ости йўлида аёлларни калтаклаб, бор-йўғини олиб кетадиган жиноятчига ҳукм ўқилди

Eр ости йўлида аёлларни калтаклаб, бор-йўғини олиб кетадиган жиноятчига ҳукм ўқилди

Шаҳзод Нурматов (исм-шарифлар ўз­гартирилган) ҳам талончиликка қўл уриб, жиноятчига айланди. Ваҳоланки, у пойтахтимиздаги нуфузли ресторанларнинг бирида ошпаз бўлиб ишлаётган ва бунинг эвазига яхшигина ҳақ олаётганди.

Ўша тунда Шаҳзод мижжа қоқмади. Таниш қизи билан аразлашиб қолгани боис рес­торанда спиртли ичимлик ичди. Кейин ижарага олган уйга бориб, психот­роп дори воситасини ҳам қабул қилди. Тонг азонда эса, таксига ўтириб, Сергели туманидаги «Korzinka» савдо мажмуаси ёнига келди.

Чамаси, ярим со­ат шу атрофда из­ғиб юргач, ер ости йўлига тушди. Айни шу маҳалда Насиба Ҳасанова ер ости йўлидан ўтиб кетаётганди. Шунда Шаҳзод тўсатдан унга ташланиб, юзу кў­зига мушт тушира бошлади.

Қисқаси, талончи Н. Ҳасановага тан жароҳати етказиб, унинг нархи 130 000 сўмлик ҳамёни, фуқаролик паспорти, нархи 180 000 сўмлик «Inoi» русумли уяли телефони, 27 миллион сўми ва 300 АҚШ долларини талон-торож қи­либ, ҳо­диса жойидан яширинади. Бу талончиликдан жароҳат олган Насиба Ҳасанова Сергели тумани ички ишлар бошқармасига мурожаат қилади.

Буни қарангки, бу талончи кимса ҳозиргина содир этган қилмиши билан чекланмай, яна ер ости йўлига қайтиб келади-да, жиноий ҳаракатларини давом эттиради. Бу гал у Валентина Бойкога дабду­руст­дан ташланиб, унинг бош ва юз қисмига бир неча марта мушт туширади. Сўнг буткул довдираб, ўзини йўқотиб қўйган аёлнинг сумкаси, 200 000 сўми, нархи 1 500 000 сўмлик «RedMi S2» русумли уяли телефонини олиб, воқеа жойидан қочиб кетади. Жабр­ланувчи эса, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.

Қисқаси, жиноятчи тезда қўл­га олинди. Натижада жабр­ланувчиларга тегишли буюм ва пуллар қайтарилди. Талончига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

* * *

Нурафшон шаҳрида яшовчи ўттиз олти ёшли Абдурашид Абдурафиқов суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган. Чунки у шу пайт­га қадар уч марта ўғирлик, уч марта талончилик, фирибгарлик ҳамда ҳа­қорат қилиш жиноятларини содир этиб, олти марта жазога тортилган. Аммо бунга қарамай у аҳлоқ тузатиш жазосини ўтаётиб, яна эски «ҳунар»ини кўрсатди.

Гап шундаки, Абдурашид эски таниши Дилнура Йўл­чиевага автомашина сотиб олишда ёрдам беришини айтади. Бу таклиф аёлга ҳам маъқул тушади. Шундан сўнг Д. Йўлчиева уни жияни Жавлон Ибатов бирга Сергели туманидаги «Истеъмолда бўл­­­­­ган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари бозори»га жўнатади. Бозорда Жавлон Д. Йўлчиева берган пластик картадан 4 500 000 сўмни нақд­лаштириб олади.

— Пул менда турсин, сен ўғирлатиб қўйишинг мумкин, — дейди А. Абдурафиқов.

— Йўқ, пулни фақат машина эгасига бераман, — дея кўн­майди Ж. Ибатов.

Шунда Абдурашид кутилмаганда Жавлоннинг қорнига зарб билан мушт туширади. Бу зарб натижасида Жавлон чўккалаб қолгач, унинг чўнтагидан 4 500 000 сўм пулни олиб, қочиб кетади.

Шундан сўнг Жавлон рўй берган воқеа ҳақида зудлик билан аммасига хабар беради. Буни эшитган Д. Йўлчи­ева Абдурашидга қўнғироқ қилади.

Лекин у уяли телефонини ўчириб қўйган эди. Фақат у кечга томон автомашинани эртага олиб бориб бераман, дея электрон хабар юборади.

Бироқ эртаси ку­ни ҳам, ундан сўнг ҳам «ҳожатбарор»дан дарак бўл­майди.

Шу боис Дилнура Йўлчиева ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилиб, А. Абдурашидовга қо­нуний чора кў­ришни сў­райди. Оқибатда талончига нисбатан жи­ноят­ иши қўзғатилди.

Албатта, тилга олинган ҳар икки талончилик жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судида кўриб чиқилиб, айбдорларга нисбатан қонуний жазо тайинланди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Ш. Нурматов ва А. Абдурашидов талончиликка қўл уриб, нимага эришди?

Жавоб аниқ: ҳеч нарса! Уларнинг топгани қонуний жазо-ю, юзшувитлик бўлди, холос. Аслида ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш кишини бадном қилади. Шундай экан, умрнинг ҳар лаҳзаси қадрига етиб, эзгу ва савоб амаллар билан яхши ном қолдиришга не етсин!

Ҳамид Шамшиев,

Тошкент шаҳар суди судьяси


×