Киев тонгини қонга белаган “Камикадзе” дронларининг “васий”си кимлиги маълум бўлди

Киев тонгини қонга белаган “Камикадзе” дронларининг “васий”си кимлиги маълум бўлди

Россия томонидан Украина ҳудудларида фойдаланилган “Камикадзе” дронлари катта эҳтимол билан Эронга тегишли эканлиги айтилмоқда ва бу Эроннинг БМТ санкцияларини очиқ-ойдин четлаб ўтаётгани ҳақида сигнал бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Эроннинг Россияга портловчи, учувчисиз самолётлар етказиб бериши БМТ санкцияларини бузиш эканлигини АҚШ ва унинг Ғарб иттифоқчилари томонидан таъкидланди. 

“Камикадзе” деб аталувчи дронлар кеча, 17 октябрь куни Киевга Россия томонидан учирилди ва катта эҳтимол билан бу “учоқ”ларнинг Эронда ишлаб чиқарилгани тахмин қилинмоқда.

АҚШ Давлат департаменти Франция ва Британиянинг дронлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2231-резолюциясини бузганлиги ҳақидаги баҳосига қўшилишини айтди.

Эроннинг ядровий келишуви билан боғлиқ бўлган ушбу резолюция унинг айрим ҳарбий технологияларни бошқа давлатларга етказиб беришини тақиқлайди.

Украина дронларни Эроннинг “Шаҳид-136” қуроли эканлигини аниқлади. Улар Иккинчи Жаҳон урушида ўз жонига қасд қилиш миссияларини бажарган япон қирувчи-учувчилари шарафига “Kамикадзе” дронлари деб аталади.

“Бизнинг ишончимиз комилки, Эрондан Россияга олиб келинган ва Россия томонидан Украинада қўлланилган бу учувчисиз учоқлар 2231 йилда ҳам эмбаргода турадиган қуроллар қаторига киради”, дейди давлат департаменти вакили Ведант Пател.

Эрон ҳукумати эса дронларни Россияга етказиб бермаганини айтмоқда.

Ўзини ўзи бошқарадиган бу “шоввоз”лар таъсирида Украинанинг Киев, Днепр ва Суми вилоятларида муҳим инфратузилмага зарар етди, юзлаб шаҳар ва қишлоқларда электр энергияси узилди, дея маълум қилди Киев ҳукумати.

Ҳужум оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди – тўрт нафари Киевда, тўрт нафари Сумида. АҚШ “Россияни ҳарбий жиноятлари учун жавобгарликка тортишини” маълум қилди.

Пателнинг айтишича, Россия ва Эрон ўртасидаги иттифоқнинг чуқурлашиши бутун дунё таҳдид сифатида кўриши керак.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррелнинг айтишича, Европа Иттифоқи ҳам Эрон учувчисиз учоқлари бўйича далил тўпламоқда ва чора кўришга тайёр, бу эса санкцияларнинг кучайишини назарда тутади.

Эрон билан 2015 йилги ядровий келишувни қайта тиклаш бўйича музокаралар ҳозирда тўхтаб қолган. Ғарб давлатлари билан тузилган келишувга кўра, Эрон ўзининг нозик ядровий фаолиятини чеклашга ва иқтисодий санкцияларни бекор қилиш эвазига халқаро инспекторларни киритишга рози бўлди.

Эслатиб ўтамиз, кеча 17 октябрь куни Украина ҳудуди бўйлаб Киевга уюштирилган дронлар ҳужумлари ҳамда Днепр ва Суми вилоятларига ракета зарбаларидан сўнг ҳаво огоҳлантириши эълон қилинди. Украина пойтахтида ҳаво ҳужуми 3 соат 8 дақиқа давом этди, янги зарбалар соат 9:31 да берилди. Эрта тонгда сигнал қабул қилингани сабабли, душанба куни Киевдаги барча таълим муассасалари масофавий иш режимига ўтказилди.


×