ССВ Тошкент туманида шер тишлаб олган 3 ёшли боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди

ССВ Тошкент туманида шер тишлаб олган 3 ёшли боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент туманида шер тишлаб олган боланинг аҳволи қониқарли экани, муолажалар режа асосида давом эттирилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, боланинг аҳволи қониқарли, муолажалар режа асосида давом эттирилмоқда.

«Травматология ва нейрохирургия бўлимида шошилинч равишда барча керакли муолажалар ўтказилди. Жумладан, қутуришга қарши антирабик вакцина қўлланиб, жароҳатларга бирламчи жарроҳлик ишловлари берилди», дейди Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 2-сон болалар жарроҳлик клиник шифохонаси бош шифокори Д.Собиров.

Бемор муассасага олиб келинган вақтда умумий аҳволи ўрта оғирликда баҳоланган. Ҳуши жойида бўлса-да, безовта ва қўрқув аломатлари кўзга ташланган. Бош соҳаси рентген ва МСКТ текширувларидан ўтказилган. Патологик синиш аломатлари кузатилмаган. Ёш бемор нейрохирург, невропатолог ва педиатр каби қатор мутахассислар томонидан консультация қилинган.

Шунингдек, унда қўшимча тарзда юқори нафас йўлларининг яллиғланиши белгилари бўлгани учун кўкрак қафасининг рентгенографияси текшируви ўтказилган. Педиатр томонидан ўткир респиратор инфекция, фарингобронхит ташхиси қўйилиб, даволашни давом эттириш ва жароҳатларини назорат қилиб туриш мақсадида торакал жарроҳлик бўлимига ўтказилган.

Ҳозир болакайнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли. Даво муолажалари режа асосида давом эттирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг аҳволини назоратга олган. 2-сонли клиник шифохонанинг травматология ва нейрохирургия бўлими бошлиғи Исмат Ниғматов ҳамда Республика бош рабиологи Саидворис Ғаниев томонидан беморнинг ҳолати мунтазам тарзда текшириб борилмоқда.

Бундан аввалроқ Тошкент вилояти Тошкент туманида 7 апрель куни хонадонлардан бирида ноқонуний боқилаётган шер 3 ёшли қизчани тишлаб олгани ҳақида хабар берилганди.

×