Россия-Укриана урушига аёллар аралашди. Туркия биринчи хоними бутун дунёга мурожаат қилди

Россия-Укриана урушига аёллар аралашди. Туркия биринчи хоними бутун дунёга мурожаат қилди

Болалар устига ёғилиб келаётган бомбаларга кўриш учун эмас, фақат самога қараб учиб бораётган ранг-баранг шарларни томоша қилиш учунгина осмонга қарасин. Ўлим ҳақидаги хабарларда болаларнинг исми келтирилган дунёда ҳеч биримиз бахтли бўлолмаймиз. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Эмина Эрдўған ўзининг Укрина халқи ва бутун дунёга қилган мурожаатида сўз очган. 

Эмина Эрдўған видеомурожаати аввалида Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг рафиқаси Олена Зеленскаянинг номини тилга олади ва у орқали бутун Украина халқига салом йўллайди. 

“Украинага қилинган ҳужумлардан чуқур қайғуда эканлигимни билишингизни истайман. Туркия давлати ўлароқ воқеаларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Украина халқи турк халқининг дуоларидадир. Аллоҳдан тезроқ осуда ҳаётга қайтишингиз ва ҳеч бир жон жабр кўрмаслигини сўраймиз. Кўп йиллар давомида дунёнинг бир неча нуқталарида давом этаётган уруш ва можароларни тўхтатишга ҳаракат қилган бўлсак-да, Украина ҳозир ҳам худди шундай тажрибани бошидан кечираётгани, биз ўчирмоқчи бўлган оловни янада кучайтирди.

Унинг қайд этишича, дунё тарихи саҳифалари кўплаб урушлар ва кўз ёшлар билан тўлиб-тошган. Урушнинг аламли оқибатларини ҳамма яхши билади. 

Эмина Эрдўған сўзида давом этаркан, 2011 йилдан буён Сурия пароканда қилиб келаётган қирғинбаротлардан қочган оддий одамлар Туркияда бошпана топгани, аммо ҳамон ватан соғинчи билан яшаётганини урғулади. 

“Туркия урушдан қочган миллионлаб одамларга мезбонлик қилмоқда. 2011 йилда Сурияда бошланган урушлардан қочиб Туркияга келган 4 миллионга яқин одамни бағримизга олдик. Уларнинг барбод бўлган ҳаётларини тиклашга, йўқотган умидларининг қайта куртак очишига ёрдам қиляпмиз. Неча йилларки, тупроқларимизда ҳаёт ипини тутиб қолишга ҳаракат қилган инсонларнинг тақдирига гувоҳ бўлиб келяпмиз. На қалблардаги яранинг ўрни битяпти ва на ватан соғинчининг. Ана шундай аламли ҳолатларга қарамай, дунё бўйлаб қочқинлар босиб ўтган йўлларида янги қочоқлар лагерлари ташкил этилиши давом этмоқда. Минг афсуски, бу йўллар янги келажакни очиш ўрнига, мавжуд тарихни ҳам йўққа чиқармоқда”, дейди Туркия биринчи хоними. 

Эмина Эрдўғанга кўра, урушларда энг катта зарар кўрадиган аҳоли қатлами ҳам айнан аёллар ва болалар. У ўзи ҳам аёл, она ва буви эканини таъкидлаб, бутун дунёни аёллар ва болалар учун урушни тўхтатишга чақирди. 

“Биз ўз тажрибамиздан биламизки, энг заиф гуруҳни ташкил этувчи аёллар ва болалар урушлардан номутаносиб таъсирланади. Ўлим ҳақидаги хабарларда болаларнинг исмлари тилга олинадиган дунёда ҳеч биримиз бахтли ва осойишта бўла олмаймиз. Аёл, она, буви сифатида таърифлаб бўлмайдиган қайғудаман. Мен бутун дунёга мурожаат қилмоқчиман: келинг, бошқа урушга йўл қўймайлик, шу билан бирга давом этаётган урушларни тўхтатишимиз керак. Инсоният ҳозирги вазиятдан жуда чарчаган. Мен мамлакатлар муаммоларини низолар билан эмас, балки дипломатия билан ҳал этишларини тилайман.

Халқаро ҳамжамият Украина учун кўрсатган бирдамлик намунаси тили, дини ва ирқидан қатъи назар, барча мазлум халқлар учун амал қилиши керак. Дунёдаги барча аёллар ва болалар бир инсоният оиласининг аъзоларидир. Шунинг учун қаерда уруш бўлмасин, биз тинчлик ўрнатиш учун худди шундай кучли рефлекс кўрсатилишини сўраймиз. Болалар фақат осмонга кўтарилаётган шарларни томоша қилиш учун бошларини кўтаришлари керак, устиларига ёғилаётган бомбаларга қараш учун эмас”, дейди Эмина Эрдўған.

×